Лондондаги нуфузли марафон шоусида Ўзбекистон стенди намойиш этилди
Апрель 24, 2026. 08:10 • 2 дақ
• 202
ЛОНДОН, 24 апрель. /“Дунё” АА/. Жорий йилнинг 7-8 ноябрь кунлари ўтказиладиган “Samarkand Marathon” (Самарқанд марафони)нинг тақдимоти Лондон шаҳридаги нуфузли “TCS London Marathon Show” кўргазмасида намойиш қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур тадбир дунёнинг энг нуфузли марафонларидан бири бўлмиш “London Marathon” доирасида ўтказиладиган йирик халқаро спорт кўргазмаси бўлиб, у югуриш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш учун муҳим платформа сифатида хизмат қилади.
Кўргазма давомида “Samarkand Marathon” стенди меҳмонларига Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган бўлажак спорт тадбири, жумладан, пойга йўналишлари, иштирок этиш шартлари ва туристик имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, ташриф буюрувчилар Самарқанднинг бой тарихий-маданий мероси, бетакрор меъморчилиги ва замонавий инфратузилмаси билан танишдилар.
Таъкидлаш жоизки, бундай халқаро тадбирлардаги иштирок Ўзбекистонда спорт туризмини янада ривожлантиришга хизмат қилади. Самарқандда марафон ўтказиш орқали хорижлик югуриш ҳаваскорларини жалб этиш, маданий алмашинувни кенгайтириш ҳамда мамлакатнинг ижобий қиёфасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси