Logo

Европа давлатлари АҚШ иштирокисиз Ҳўрмуз бўғози орқали кема қатновини қайта тиклаш режасини илгари сурмоқда

Апрель 17, 2026. 15:33 • 2 дақ

145
Европа давлатлари АҚШ иштирокисиз Ҳўрмуз бўғози орқали кема қатновини қайта тиклаш режасини илгари сурмоқда

ПАРИЖ, 17 апрель. /“Дунё” АА/. Франция ва Буюк Британия етакчилари бугун Парижда Ҳўрмуз бўғози орқали кема қатновини қайта тиклаш режасини илгари суриш учун ўнлаб мамлакатлар вакилларини тўплайди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “The Associated Press” агентлигига таяниб.

Қайд этилишича, АҚШ бу маслаҳатлашувларда иштирок этмаяпти. “Ҳўрмуз бўғозида денгиз қатнови эркинлигини таъминлаш ташаббуси” (“Strait of Hormuz Maritime Freedom of Navigation Initiative”) деб номланган ташаббус Эрон жаҳон нефтининг бешдан бир қисми ўтадиган бўғозни тўсиб қўйганидан кейин кема қатнови хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.

Франция президенти Эммануэл Макроннинг айтишича, миссия қатъий мудофаа характерига эга бўлиб, фақат жанговар ҳаракатларда иштирок этмаётган давлатлар учун очиқ бўлади.

Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер бўғознинг очилишини глобал масъулият деб атади ва энергия ва савдонинг эркин ҳаракатини тиклаш зарурлигини айтди.

Франция томони маълумотларига кўра, музокараларда 30 га яқин давлат, жумладан, Яқин Шарқ ва Осиё давлатлари иштирок этади. Кутилаётган иштирокчилар орасида Германия канцлери Фридрих Мерц ва Италия бош вазири Жоржа Мелони ҳам бор.

Шунингдек ўқинг

Миссиянинг мумкин бўлган ҳарбий ва техник таъминоти: разведка, миналардан тозалаш, кемаларни кузатиб бориш ва қирғоқбўйи давлатлари билан алоқа тизимлари муҳокама қилинмоқда. Буюк Британия минага қарши дронлардан фойдаланишни кўриб чиқмоқда, Франция эса минтақада авиаташувчи, вертолет ташувчи ва фрегатларни жойлаштирди.

Қайд этилишича, АҚШ операцияни режалаштиришда иштирок этмаган. Президент Дональд Трамп аввалроқ жавоб блокадасини эълон қилган ва иттифоқчиларни етарли даражада иштирок этмагани учун танқид қилган эди.

Франция ҳарбийларининг сўзларига кўра, миссия лойиҳаси шаклланиш босқичида ва мамлакатларнинг якуний иштироки эҳтимолий ўт очишни тўхтатишдан кейинги хавфсизлик ҳолатига боғлиқ бўлади.

“Reuters” агентлиги сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш