ТДШУ ўқитувчилари Деҳлидаги нуфузли университетда малака оширди
Декабрь 31, 2025. 21:12 • 3 дақ
• 176
ДЕҲЛИ, 4 январь. /“Дунё” АА/. Тошкент давлат шарқшунослик университетининг ҳиндий ва урду тиллари ўқитувчилари Деҳлидаги Жавоҳарлал Неру университетининг Ҳинд тиллари марказида малака ошириш имконига эга бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу малака ошириш дастури Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг икки етакчи олий таълим муассасаси ўртасида имзоланган Ўзаро англашув меморандумининг амалий ижроси бўлди.
Тадбирда Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Сардор Рустамбоев, JNU Ҳинд тиллари маркази раиси, профессор Бандана Жҳа, ТДШУ Шарқ халқлари тиллари ва адабиёти институти директори Нилуфар Хўжаева, икки мамлакатнинг етакчи олимлари, тадқиқотчилари ва экспертлари иштирок этди.
Мамлакатимиз дипломатик миссияси раҳбари таълим соҳасидаги бу каби алмашинувлар икки халқ ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим омил эканини таъкидлади. ТДШУнинг 16 нафар ўқитувчисидан иборат делегациянинг Деҳлига ташрифи ўзаро ишончнинг юқори даражаси ва академик мулоқотни чуқурлаштиришга бўлган интилиш рамзидир.
Профессор Бандана Жҳа мазкур курснинг ноёблигига эътибор қаратди. “Ўзбек олимлари ва тадқиқотчиларининг ташрифи биз учун катта илҳом манбаидир. Ушбу дастур нафақат тадқиқотларимизнинг академик аҳамиятини оширади, балки Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги узвий таълим ришталарини ҳам ифодалайди”, — деб қайд этди ҳинд олимаси.
Тадбир иштирокчилари ушбу дастур икки етакчи таълим муассасасининг илғор тажрибаларини бирлаштиришини ҳамда тилшунослик, адабиёт ва маданият соҳасидаги қўшма тадқиқотлар учун янги имкониятлар очишини алоҳида урғулади.
Малака ошириш дастури комплекс хусусиятга эга бўлиб, икки босқичга бўлинган. Хусусан, 2025 йилнинг 19 ноябридан 24 декабрига қадар иштирокчилар 100 соатлик онлайн-сессияларни ўтади. JNU аудиторияларида эса илмий маърузалар, амалий машғулотлар ва маданий алмашинувларни ўз ичига олган 40 соатлик интенсив тренинг бошланди.
Асосий эътибор ҳиндий ва урду тилларини ўқитишнинг замонавий методикасига, адабиёт ва тилшуносликдаги долзарб йўналишларни ўрганишга ҳамда филологик тадқиқотлар соҳасида тажриба алмашишга қаратилган.
Ўзбекистон анъанавий равишда Марказий Осиёдаги йирик ҳиндшунослик марказларидан бири ҳисобланади. Ҳиндистоннинг етакчи олий ўқув юртларидан бири бўлган Жавоҳарлал Неру университети билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ўзбекистонлик шарқшунос мутахассисларни тайёрлаш сифатини янги босқичга кўтариш имконини беради.
Ушбу лойиҳа нафақат ўзбекистонлик ўқитувчиларнинг тил ва услубий кўникмаларини чуқурлаштиришга, балки узоқ муддатли академик мулоқотни ривожлантириш, илмий материаллар алмашиш ва қўшма конференциялар ўтказишга ҳам йўналтирилган. Дастур икки давлат ўртасида мустаҳкамланиб бораётган таълим ва маданият кўприкларининг ёрқин тимсолига айланди.
Тошкент давлат шарқшунослик университети — Ўзбекистонда юқори малакали шарқшунос мутахассислар, тилшунослар ва таржимонлар тайёрлайдиган етакчи олийгоҳдир. Жавоҳарлал Неру университети эса Ҳиндистоннинг ижтимоий фанлар, халқаро муносабатлар ва тиллар соҳасидаги тадқиқотлари билан ном қозонган энг нуфузли университетларидан биридир.
Деҳлидаги тадбир ҳинд ОАВда кенг ёритилди. Бу халқаро жамоатчиликнинг Ўзбекистоннинг гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги ташаббусларига бўлган қизиқиши юқори эканини тасдиқлайди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси