Ўзбекистоннинг хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги тажрибаси БМТ бош қароргоҳида тақдим этилди
Март 16, 2026. 21:30 • 3 дақ
• 142
НЬЮ-ЙОРК, 16 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон вакили БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида Хотин-қизлар аҳволи бўйича комиссиянинг 70-сессияси доирасидаги қўшимча тадбирда нутқ сўзлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу тадбир “Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда рақамли ва интеллектуал технологиялардан фойдаланиш” мавзусига бағишланди. Тадбир Хитой, Малайзия, Миср ҳамда БМТнинг “БМТ-Аёллар” ва ЮНФПА тузилмалари ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирда БМТга аъзо давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг юқори мартабали вакиллари, жумладан, Хитой делегацияси раҳбари, Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши ҳузуридаги Болалар ва аёллар ишлари бўйича миллий ишчи қўмита раиси ўринбосари Линь И, Малайзиянинг БМТдаги доимий вакили доктор Аҳмад Файсал Муҳаммад, Хотин-қизлар ишлари бўйича миллий кенгаш аъзоси, Аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш бўйича Африка альянси раҳбари доктор Амани Асфур сўз юритди.
Қўшма тадбир ишида “БМТ-Аёллар” тузилмаси ижрочи директори Сима Бахус ва БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) ижрочи директори ўринбосари Диена Кейта фикр билдирди.
Асосий сессия доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Дильноза Муратова маъруза қилди. У ўз нутқида рақамли трансформация шароитида гендер тенгликни илгари суриш, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг имкониятларини кенгайтириш борасидаги Ўзбекистон тажрибасини тақдим этди.
Хусусан, Янги Ўзбекистонда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш, аёлларнинг рақамли саводхонлигини ошириш, уларнинг инновациялар ва технологиялар соҳасидаги иштирокини кенгайтириш, зўравонлик ва камситишларнинг олдини олишга қаратилган комплекс давлат сиёсати амалга оширилаётгани қайд этилди.
Ўзбекистон вакили алгоритмик гендер тарафкашлиги, рақамли тенгсизлик ва онлайн макондаги зўравонлик каби рақамли даврнинг таҳдидларига қарши курашишда халқаро ҳамкорликнинг муҳимлигини таъкидлади. Хотин-қизларнинг одил судловдан фойдаланиш имкониятини таъминлаш учун самарали ҳуқуқий механизмларни ишлаб чиқиш ва замонавий технологиялардан фойдаланиш зарурлигига эътибор қаратилди.
Тадбир доирасида иштирокчилар аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ижтимоий хизматлар сифатини юксалтириш ва хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш учун сунъий интеллект, катта маълумотлар ва бошқа рақамли ечимлардан фойдаланиш борасидаги илғор халқаро тажрибалар билан ўртоқлашди.
Ўзбекистон томонининг ушбу тадбирдаги иштироки мамлакатнинг гендер тенгликни илгари суриш ҳамда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда инновацион ёндашувларни ривожлантириш йўлида халқаро ҳамжамият билан фаол ҳамкорлик қилишга содиқлигини яна бир бор таъкидланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси