Logo

Ўзбекистон фуқаролари “Ҳаж–2026” мавсуми доирасида Саудия Арабистонида зиёратни бошлади

Май 05, 2026. 21:20 • 2 дақ

174
Ўзбекистон фуқаролари “Ҳаж–2026” мавсуми доирасида Саудия Арабистонида зиёратни бошлади
Ўзбекистон фуқаролари “Ҳаж–2026” мавсуми доирасида Саудия Арабистонида зиёратни бошлади

ЖИДДА, 5 май. /“Дунё” АА/ “Ҳаж–2026” мавсуми доирасида Ўзбекистон фуқароларининг биринчи гуруҳи Саудия Арабистонига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мадина шаҳрига Ўзбекистоннинг ўнта ҳудудидан ҳар куни тўғридан-тўғри авиақатновлар ташкил этилмоқда. Хусусан, Тошкент, Бухоро, Наманган, Фарғона, Самарқанд, Қарши, Термиз, Урганч, Нукус ва Навоийдан парвозлар ташкил этиляпти. Барча рейсларни “Fly Adeal” авиакомпанияси томонидан амалга оширилмоқда.

Ўзбекистонлик зиёратчилар Мадинадаги “Zam Zam Pullman Hotel” меҳмонхонасида, шунингдек, Маккадаги қатор қулай ва шинам меҳмонхоналарда жойлашмоқда.

“Ҳаж–2026” мавсуми доирасида Ўзбекистоннинг 15 минг фуқароси учун зиёрат ташкил этиш режалаштирилган.

Мувофиқлаштириш ва тартибни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси Содиқ Тошбоев ва Мусулмонлар идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров бошчилигидаги делегация Мадина шаҳрига етиб бориб, аэропортда кутиб олинди. Уларга зиёратчилар учун яратилган шароитлар билан танишиш имконияти берилди.

“Ҳаж–2026” мавсумини ўтказиш билан боғлиқ барча ташкилий масалалар Жиддадаги Бош консулхона ва Ўзбекистоннинг ишчи гуруҳи аъзолари томонидан Саудия Арабистонининг тегишли ташкилотлари билан ҳамкорликда мувофиқлаштирилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш