Logo

Испаниядан нигоҳ: Ўзбекистон Евроосиё маконидаги энг жадал ривожланаётган ва очиқ ҳамкорлардан бирига айланди

Январ 31, 2026. 09:05 • 2 дақ

86
Испаниядан нигоҳ: Ўзбекистон Евроосиё маконидаги энг жадал ривожланаётган ва очиқ ҳамкорлардан бирига айланди

МАДРИД, 31 январь./ “Дунё” АА/. Сан-Пабло СЕУ университети профессори, Марказий Осиё минтақаси бўйича мутахассис Антонио Алонсо “Дунё” АА учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга расмий ташрифи якунлари ҳақида фикр билдирди:

– Испаниядан халқаро муносабатлар ва минтақавий ривожланиш жараёнларига ихтисослашган профессор сифатида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг тўртинчи йиғилиши якунлари билан алоҳида эътибор билан танишдим.

Аввало, Президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсий сиёсий қарашлари ва изчил етакчилиги мамлакат ташқи сиёсатининг тубдан ўзгаришида ҳал қилувчи омилга айланганини алоҳида таъкидлаш зарур, деб ҳисоблайман. Унинг раҳбарлигида Ўзбекистон нафақат асосий ҳамкорлар билан икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлади, балки масъулиятли, ташаббускор ва стратегик фикрлайдиган давлат сифатидаги нуфузини ҳам шакллантирди.

Айнан Президент Шавкат Мирзиёевнинг фаол ва чуқур ўйланган дипломатияси туфайли Ўзбекистон–Туркия муносабатлари нисбатан қисқа тарихий даврда аниқ иқтисодий, гуманитар ва институционал мазмун билан тўлдирилган кенг қамровли стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Савдо, инвестициялар ва саноат кооперацияси соҳасида эришилган кўрсаткичлар унинг халқаро ҳамкорлик натижадорлиги ва амалий самарасини оширишга қаратилганининг бевосита ифодасидир.

Президент Шавкат Мирзиёев нафақат шерикликнинг иқтисодий параметрларига, балки инсон капитали, таълим, фан ва маданиятни ривожлантиришга ҳам принципиал аҳамият қаратаётгани айниқса эътиборлидир. Бухорода Ректорлар форумини ўтказиш, академик алмашинувларни кенгайтириш ва ҳудудлараро алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича ташаббуслар уларнинг барқарор ривожланишнинг узоқ муддатли асосларини чуқур англашидан далолат беради.

Европа академик ҳамжамияти вакили сифатида мен ҳам Ўзбекистон Президентининг эришилган келишувларни институционаллаштириш – “йўл хариталари”, ҳукуматлараро механизмлар ва дастурий ёндашув орқали ифодаланган бошқарув услубини юқори баҳолайман. Бундай услуб рамзий имо-ишораларга эмас, балки тизимли ва ўлчанадиган натижаларга йўналтирилган раҳбарларга хосдир.

Умуман олганда, Стратегик ҳамкорлик кенгаши йиғилишининг якунлари Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон Евроосиё маконидаги энг жадал ривожланаётган ва очиқ шериклардан бирига айланганини яққол тасдиқлайди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш