Logo

"Умра-2025" янги мавсуми бошланди

Август 16, 2025. 11:44 • 56 сония

500
"Умра-2025" янги мавсуми бошланди

ЖИДДА, 16 август. /"Дунё" АА/. Жорий йил 14 август кунидан эътиборан Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмита ва Мусулмонлар идораси томонидан ташкил этиладиган "Умра-2025" мавсуми бошланди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"Умра" мавсуми бошланиши муносабати билан "Uzbekistan Airways" авиакомпаниясининг Тошкент – Жидда йўналишида жами 240 нафар ўзбекистонлик умра зиёратчилари ҳамда Ўзбекистон ишчи гуруҳ аъзолари Саудия Арабистонига етиб келди.

Ўзбекистондан келган умра зиёратчилари Жидда шаҳридаги Подшоҳ Абдулазиз халқаро аэропортининг "Шимaлия" терминалида Бош консулхона ходимлари ва Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг ҳамкори "Marmara Group" компанияси вакиллари томонидан кутиб олинди.

"Умра-2025" мавсуми доирасида ўзбекистонлик ҳожилар учун Макка ва Мадина шаҳарларида меҳмонхоналар, озиқ-овқат ва ички транспорт воситалари билан таъминлаш ва бошқа барча қулайликлар юқори даражада ташкил этилган.

Умра мавсумида зиёратчиларни Тошкент – Жидда - Тошкент йўналиши орқали Саудия Арабистонига олиб келиш билан боғлиқ барча парвозлар "Uzbekistan Airways" АЖ авиакомпанияси томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистонлик зиёратчиларни тартибли ва намунали ибодатларини ташкил этиш масаласи Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва ишчи гуруҳи аъзолари ҳамда Бош консулхона назоратига олинган.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ҳукумати томонидан ташкил этилаётган "Умра" ва "Ҳаж" тадбирлари Саудия Арабистони томонидан юқори баҳоланиб келинмоқда.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш