Теҳронда “Миллат Шавкати” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди
Сентябрь 24, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 119
ТЕҲРОН, 24 сентябрь. /“Дунё” АА/. Эрон пойтахтида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ)нинг Маданият институти билан ҳамкорликда “Миллат Шавкати” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Эронда истиқомат қилаётган ватандошлар, дипломатик корпус вакиллари, юқори мартабали расмийлар, олимлар, академиклар, илмий ва ижодий муассасалар ходимлари иштирок этди.
Иштирокчиларга китобдан кўчирмалар, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида сўнгги ўн йилликда Янги Ўзбекистонда амалга оширилган ва давом этаётган ислоҳотлар ҳамда уларнинг натижалари ҳақида маълумотлар берилди.
Меҳмонларга Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданий мероси, ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва туризм салоҳиятига бағишланган видеоматериаллар намойиш этилди.
ИҲТ Маданият институти президенти Муҳаммад Ҳасан Ўзбекистоннинг минтақадаги асосий маданий чорраҳалардан бири сифатидаги ўзига хос ўрнини таъкидлаб, мамлакатни туркий дунё, форс маданияти ва Жанубий Осиё ўртасидаги боғловчи бўғин сифатида эътироф этди.
Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг тарихий саёҳатлари ва уларнинг Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги маданий ҳамкорликдаги аҳамияти, Самарқанд, Бухоро ва Андижоннинг минтақа интеллектуал ҳаётидаги ўрнига алоҳида эътибор қаратилди.
Эроншунослик уюшмаси президенти Маҳмуд Жафарий ва Ислом маданияти ва алоқалари ташкилоти вакиллари Эрон ва Ўзбекистон ўртасидаги тарихий алоқалар, давом этаётган шериклик муносабатлари ҳақида сўз юритди.
Ўзбекистоннинг бой мероси, Шашмақом, Наврўз анъаналари ва оилавий қадриятлари, Рудакий, Ибн Сино, Беруний ва Алишер Навоийнинг дўстликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссалари алоҳида қайд этилди.
“Миллат Шавкати” китобининг бир нусхаси ИҲТ Маданият институтига совға қилиниб, институт кўмагида ушбу асарни форс тилига таржима қилиш ва ИҲТ минтақаси давлатларида кенг тарқатиш бўйича келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси