Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг жаҳон чемпионатидаги иштироки Қирғизистон қандолатчилари томонидан қўллаб-қувватланди
Июнь 17, 2026. 15:00 • 2 дақ
• 138
ЎШ, 17 июнь. /“Дунё” АА/. Қирғизистоннинг таниқли ширинлик ишлаб чиқарувчи брендларидан бири бўлган “Барбол” компанияси вакиллари футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасини қўллаб-қувватлаш мақсадида Бош консулхонага ташриф буюрди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда спортнинг халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашдаги ўрни, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик муносабатлари ҳақида фикр алмашилди.
“Барбол” компанияси вакили Усен Кадиров Ўзбекистон миллий терма жамоасининг жаҳон чемпионатида иштирок этиши бутун Марказий Осиё учун муҳим воқеа эканини таъкидлаб, миллий терма жамоамизга бўлажак баҳсларда улкан муваффақиятлар тилади. У спорт орқали мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ришталари янада мустаҳкамланаётгани, минтақадаги ҳар бир ютуқ қўшни халқлар томонидан ҳам мамнуният билан қарши олинаётганини қайд этди.
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг жаҳон чемпионатида қатнашиши муносабати билан компания вакиллари томонидан Бош консулхонага махсус безатилган байрам торти тақдим этилди. Мазкур ширинликда Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболчилари тасвири ҳамда Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат байроқлари акс эттирилган. Қолаверса, торт дизайни икки мамлакат халқлари ўртасидаги яқин қардошлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик рамзи сифатида тайёрлангани таъкидланди.
Футбол бугунги кунда миллионлаб инсонларни бирлаштирувчи воситага айланган. Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақалардаги иштироки ва муваффақиятлари нафақат мамлакат ичида, балки қўшни давлатларда ҳам катта қизиқиш ва қўллаб-қувватлаш билан кузатилмоқда. Шу маънода, Қирғизистоннинг “Барбол” компанияси томонидан амалга оширилган мазкур ташаббус икки халқ ўртасидаги самимий муносабатларнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.
Дипломатлар томонидан мазкур ташаббус юқори баҳоланиб, компания раҳбарияти ва жамоасига самимий миннатдорлик изҳор этилди.
Мазкур ташриф Ўзбекистон миллий терма жамоасига бўлган ҳурмат ва ишончнинг яна бир ёрқин намунаси бўлиб, спорт орқали халқларни бирлаштириш ғоясининг амалий ифодаси сифатида эътироф этилди.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон миллий терма жамоасига бўлажак учрашувларда омад тилаб, спорт майдонларида янги зафарлар ва юқори натижалар тилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси