Logo

Ўзбекистон ва Гамбия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди

Март 19, 2024. 10:58 • 49 сония

1813
Ўзбекистон ва Гамбия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди

НЬЮ-ЙОРК, 19 март. /"Дунё" АА/. Шу йил 14 март куни Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон ва Гамбия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисидаги Қўшма коммюнике имзоланди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Икки давлат ҳукуматлари номидан ҳужжатни Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Улуғбек Лапасов ва Гамбиянинг БМТдаги доимий вакили Ламине Дибба имзолади.

Томонлар халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ва унинг ихтисослашган идоралари доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдорлик билдирдилар.

Икки томонлама ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли йўналишларини топиш бўйича ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш тўғрисида келишувга эришилди.

Шу тариқа, Ғарбий Африкада жойлашган Гамбия Ўзбекистон билан дипломатик алоқалар ўрнатган 148-давлат бўлди.

2024 йилнинг 6 март куни Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон ва Белиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида Қўшма коммюнике имзоланган эди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 20 декабрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Гамбия ташқи ишлар, халқаро ҳамкорлик ва чет элдаги гамбияликлар ишлари бўйича вазири Мамаду Тангара билан учрашган эди. Мулоқот чоғида томонлар икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш