Ўзбекистон элчиси Кувайт ташқи ишлар вазири ўринбосарлари билан учрашди
Ноябрь 25, 2026. 19:30 • 2 дақ
• 71
АЛ-КУВАЙТ, 25 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Аюбхон Юнусов Кувайт ташқи ишлар вазирининг Осиё мамлакатлари масалалари бўйича ўринбосари Наввоф Абдуллатиф ал-Аҳмад ҳамда протокол масалалари бўйича ўринбосари Абдулмуҳсин аз-Зайд билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувларда Ўзбекистон Президентининг 2025 йил февраль ойида Кувайтга амалга оширган ташрифи икки томонлама муносабатлар ривожида янги босқични бошлаб бергани таъкидланди.
Мулоқотлар чоғида олий даражада эришилган келишувлар ҳамда икки томонлама ҳамкорлик бўйича “Йўл харитаси”нинг ижроси кўриб чиқилди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг 2027–2029 йилларда Қўшилмаслик ҳаракатига раислик қилиши ҳамда Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган ҳаракатнинг 20-саммитида Кувайт делегациясининг иштирок этиши масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, Кувайтнинг етакчи инвестиция ташкилотлари билан алоқаларни фаоллаштириш ҳамда ушбу мамлакат ишбилармон доиралари вакилларининг 30 ноябрдан 5 декабрга қадар Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Янги Ўзбекистон – глобал бозорлар” форумида иштирок этишига алоҳида эътибор қаратди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон фуқаролари учун Кувайтга киришда виза тартибини соддалаштириш, туризм ва авиақатновларни ривожлантириш, Кувайтда малакали мутахассисларни иш билан таъминлаш ҳамда ижтимоий ҳимоя соҳасида идоралараро ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашувлар якунида эришилган келишувларни рўёбга чиқариш мақсадида изчил ва амалий мулоқотни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси