Ўзбекистон ва Покистон ОАВ соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради
Декабрь 19, 2024. 19:33 • 2 дақ
• 87
ИСЛОМОБОД, 19 декабрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистоннинг марказий "Associated Press of Pakistan" (APP) ахборот агентлиги директори Муҳаммад Асим Хичи билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Покистон оммавий ахборот воситалари ўртасида ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, икки мамлакат ҳудудида ташкил этиладиган халқаро тадбирларни, иқтисодий дипломатия йўналишида амалга оширилаётган муҳим дастурларни кенг ёритиш масалалари муҳокама қилинди.
"APP" раҳбари 2023 йил июль ойида бўлиб ўтган муддатидан олдин Ўзбекистон Президенти сайловида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этганини ҳамда сафар давомида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлганини илиқ эсга олди.
"Ўзбекистон ҳақида кўплаб манбалардан ўқиганман. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа буюк ўзбек адибларининг асарларини ўқиш орқали муқаддас заминингиз ҳақидаги тасаввуримиз шаклланган. Ўтган йилги сафарим чоғида Бобур ўзининг "Бобурнома" асарида тасвирлаган гўзал манзараларни ўз кўзим билан кўрдим. Шунингдек, Ўзбекистонда улкан ўзгаришлар, ислоҳотлар жараёни кечаётганига гувоҳ бўлдик", деди Муҳаммад Асим Хичи.
Икки давлатни ва халқларимизни муштарак тарих, бой маданий мерос, умумий дин ва қадриятлар бирлаштириб туриши таъкидланди. Бу ришталарни янада мустаҳкамлаш, ёш авлоднинг бу борадаги хабардорлигини ошириш мақсадида етакчи ахборот агентликлари ва оммавий ахборот воситалари ўртасида ўзаро алоқаларни жадаллаштириш зарурлиги қайд этилди. Яқин ижодий ришталарининг ўрнатилиши мамлакатларимиз ҳаётида кечаётган ўзгаришлар ҳақида холис ва шаффоф ахборотларнинг тарқалишига хизмат қилади.
Шунингдек, савдо-иқтисодий йўналишдаги мақсадли кўрсаткичларга эришиш, товар айланмаси ҳажмини янада ошириш, икки давлатнинг мавжуд салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш учун бизнес доира вакилларини ишончли ва батафсил ахборот билан таъминлашнинг аҳамияти қайд этилди.
Минтақавий боғлиқлик ташаббуси доирасидаги лойиҳалар, жумладан Трансафғон темир йўлининг қурилиши Жанубий ва Марказий Осиё геоиқтисодий ландшафтини яхшилаши, ижтимоий-иқтисодий муҳитни ўзгартириши, истиқболда янги лойиҳаларни ишлаб чиқишда мустаҳкам замин бўлиши алоҳида урғуланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Покистоннинг марказий телеканаллари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади
Ўзбекистоннинг янги элчиси Рим Папасига ишонч ёрлиқларини топширди
Британиянинг нуфузли нашриёт уйи билан ҳамкорлик ўрнатилади
Экспертлар ўзбек–хитой муносабатлари истиқболи хусусида фикр алмашди
Вьетнам Ўзбекистон билан стратегик шерикликни чуқурлаштиришга тайёрлигини тасдиқлади