“ITTF Warsaw 2026” кўргазмасида Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти намойиш этилди
Ноябрь 22, 2026. 17:30 • 2 дақ
• 11ВАРШАВА, 22 ноябрь. /“Дунё” АА/. Польша пойтахтида Марказий Европанинг йирик халқаро сайёҳлик тадбирларидан бири – “ITTF Warsaw 2026” халқаро туризм кўргазмаси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур тадбирда дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатидан 250 дан зиёд етакчи сайёҳлик компаниялари, авиакомпаниялар, меҳмонхона тармоқлари ва миллий туризм ташкилотлари иштирок этди. Кўргазмада 10 минг нафарга яқин меҳмон, жумладан, соҳа мутахассислари, туроператорлар ва ОАВ вакиллари қатнашди.
Мамлакатимизнинг Польшадаги элчихонаси ташаббуси билан кўргазмада “Uzbekistan Airways” авиакомпанияси ҳамда қатор етакчи ўзбек туроператорлари ўз стендлари билан қатнашди.
Вакилларимиз кўргазма доирасида юртимизнинг туризм имкониятлари, 2027 йил апрель ойидан миллий авиакомпания томонидан йўлга қўйиладиган Тошкент–Варшава–Тошкент йўналишидаги авиақатновлар ҳамда бошқа транзит имкониятлари ҳақида хорижликларга маълумот берди.
Тадбир давомида Польша ва Европа Иттифоқи мамлакатларининг сайёҳлик компаниялари билан “B2B” форматида музокаралар ўтказилиб, янги қўшма турпакетларни ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, чет эл компаниялар билан Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарлар бўйлаб анъанавий саёҳатлар уюштириш, гастрономик туризм, этнотуризм, экотуризм, тоғ туризми каби янги йўналишлар бўйича қўшма туризм лойиҳаларини ишлаб чиқиш юзасидан дастлабки келишувларга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



