Ўзбекистон ва Хорватия ТИВ раҳбарлари икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги 2027–2028 йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик дастурини имзоладилар
Июнь 26, 2026. 21:30 • 2 дақ
• 50
ТОШКЕНТ, 26 июнь. /“Дунё” АА/. Расмий ташриф билан Загребга борган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Хорватия ташқи ва Европа ишлари вазири Гордан Грлич Радман билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Хорватияга расмий ташриф билан таклиф этган ҳамкасбим, Хорватия ташқи ва Европа ишлари вазири Гордан Грлич Радман жаноблари билан мазмунли музокаралар ўтказдик, – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг telegram-каналида. – Тор ва кенг доирада бўлиб ўтган музокараларимиз давомида Ўзбекистон ва Хорватия ўртасидаги сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-логистика, энергетика, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари юзасидан атрофлича фикр алмашдик.
Икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида мунтазам сиёсий маслаҳатлашувлар механизмини йўлга қўйиш, шартномавий-ҳуқуқий базани янада мустаҳкамлаш, иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссияни ташкил этиш ва ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш муҳимлигини қайд этдик.
Учрашув якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси ва Хорватия Республикаси ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2027–2028 йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик дастурини имзоладик.
Мазкур ҳужжат ташқи сиёсий идоралар ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада тизимли ривожлантиришга хизмат қилади”.
“Дунё” АА олган сурат
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси