"ТАСС" АА: Ўзбекистон парламент сайловига сайлов комиссияларининг 120 минг аъзоси жалб этилади
Октябрь 20, 2024. 15:17 • 2 дақ
• 114
МОСКВА, 20 октябрь. /"Дунё" АА/. Россиянинг "ТАСС" ахборот агентлиги Ўзбекистонда бўлажак парламент сайловларига сайлов комиссияларнинг 120 мингдан ортиқ аъзоси жалб этилишини маълум қилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Нашрга кўра, бу ҳақда Ўзбекистон элчиси Ботиржон Асадов Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайловга бағишланган брифингда айтиб ўтди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасида парламент, эксперт, академик, жамоатчилик доиралари, шунингдек, Россия оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган брифинг бўлиб ўтган ва унда бўлажак сайловнинг аҳамияти ҳақида сўз юритилган.
Қайд этилганидек, сайловлар Ўзбекистон тарихида илк маротаба мажоритар-пропорционал тизим асосида ўтказилади ва барча даражадаги сайлов комиссиялари фаолияти, уларнинг сайлов жараёни иштирокчилари билан ўзаро муносабатлари тўлиқ рақамлаштирилади.
Ахборот агентлигининг ёзишича, Федерация Кенгашининг Фан, таълим ва маданият қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Илёс Умаханов ўз чиқишида, ушбу сайловлар Ўзбекистоннинг янгиланган Конституцияси қабул қилингандан кейин биринчи марта бўлиб ўтаётганига эътибор қаратган.
"Сиёсий партиялардан депутатликка номзод аёллар учун квотани 40 фоиз ва ундан юқори даражага ошириш билан бир қаторда, брифингда "E-saylov" янги тизими жорий қилингани таъкидланди", – деб ёзган "ТАСС".
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси