Logo

Константин Оболенский: Биз жиноий манбалардан олинган маблағларни Ўзбекистонга қайтаряпмиз ва бу маблағлар ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишга сарфланмоқда

Сентябрь 18, 2025. 14:23 • 2 дақ

115
Константин Оболенский: Биз жиноий манбалардан олинган маблағларни Ўзбекистонга қайтаряпмиз ва бу маблағлар ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишга сарфланмоқда

НАМАНГАН, 18 сентябрь. /"Дунё" АА/. Швейцария элчиси Константин Оболенский "Дунё" АА учун интервьюсида Наманганда бўлиб ўтаётган "Камбағалликдан фаровонлик сари" III халқаро форумининг аҳамияти тўғрисидаги фикрларини баён қилди:

– Форумнинг очилишида иштирок этиш бахтига муяссар бўлдим ва эълон қилинган натижалар менда катта таассурот қолдирди. Қанча одам камбағалликдан қутулганлиги, янги иқтисодий ва ижтимоий кўмак кўрсатилаётгани, муносиб ҳаёт кечириш учун яратилаётган шароитлар ҳақидаги маълумотлар ҳам жуда муҳим.

Бу жараёнда Швейцария ҳам фаол иштирок этмоқда. Биз жиноий манбалардан олинган маблағларни Ўзбекистонга қайтаряпмиз ва бу маблағлар камбағалликни қисқартиришга бевосита ҳисса қўшадиган ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишга сарфланмоқда. Масалан, бугун Ўзбекистонда 45 дан ортиқ мактабни модернизация қилиш лойиҳаси бўйича ҳужжат имзоланади. Бу санитария-гигиена шароитлари – ҳожатхоналар, ювиниш хоналарини яхшилаш, биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш билан боғлиқ. Буларнинг барчаси халқ манфаати, мамлакат келажаги учун қилинмоқда.

Маблағларни Ўзбекистон халқига қайтариш ва жамият манфаати йўлида фойдаланиш ҳақидаги қарор Швейцария ва Ўзбекистон ҳукуматларининг биргаликдаги иродаси натижасидир.

Мамлакатда камбағаллик даражасини пасайтириш бўйича эришилган натижалар ажойиб ва бу нафақат мен, балки барча форум иштирокчиларини қувонтирди. Биз Ўзбекистонда ҳар бир инсон ўз салоҳиятини – иқтисодий-ижтимоий имкониятларини рўёбга чиқариш ва муносиб ҳаёт кечириш имкониятига эга бўлиши тарафдоримиз.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш