Ўзбекистон фармацевтика компаниялари афғонистонлик ҳамкорлар билан янги лойиҳаларни муҳокама қилди
Ноябрь 13, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 171МОЗОРИ ШАРИФ, 13 ноябрь. /“Дунё” АА/. Балх вилоятида Ўзбекистон ва Афғонистон фармацевтика компаниялари вакиллари ўртасида B2B форматида бизнес музокаралари бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон делегацияси таркибидан Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари Зафар Қосимов бошчилигидаги маҳаллий экспортчи корхоналар вакиллари жой олди.
Учрашувда делегация раҳбари агентлик вакилларининг апрель ойида Кобул ва Мозори Шарифга ташрифи якунлари бўйича томонлар умумий қиймати 39 миллион долларга тенг ўзаро англашув меморандуми ҳамда савдо шартномаларини имзолаганини таъкидлади.
Ҳозирда мазкур меморандум доирасида тегишли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани, Ўзбекистон фармацевтика корхоналари томонидан Афғонистонга сифатли ва мақбул нархдаги дори воситаларини етказиб бериш бўйича ишлар олиб борилаётгани қайд этилди.
Ўзбек томони нафақат дори воситаларини Афғонистонга экспорт қилиш, балки афғонистонлик мутахассислар билан тажриба алмашиш, улар учун тренинглар ва малака ошириш курсларини ташкил этиш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
Балх вилояти Дори воситалари улгуржи савдо уюшмаси раиси Муҳаммад Содиқ Муҳаммадий ва вилоят Саноат ва савдо бошқармаси бошлиғи ўринбосари Носир Аҳмад Ниёзий Ўзбекистон билан фармацевтика йўналишидаги ҳамкорлик алоқаларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари борасида ўз фикрларини билдирди.
Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари юксак баҳоланиб, икки мамлакат халқлари ўртасидаги ишонч ва дўстлик муносабатлари асрлар давомида шаклланиб келаётгани эътироф этилди.
Ўзбекистон ва Афғонистон савдо, саноат, инвестиция, қишлоқ хўжалиги, тоғ-кон саноати, транспорт-логистика ва энергетика соҳаларида катта имкониятларга эга эканига алоҳида эътибор қаратилди.
Мамлакатимиз фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш борасида катта тажрибага эга экани ва афғон томони Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган сифатли дори воситаларини катта миқдорда импорт қилишдан манфаатдор экани маълум қилинди.
Афғонистонлик расмийлар ўзбек тадбиркорларини Балх вилоятига инвестиция киритишга чақириб, бу борада яратилган шароит ва имтиёзлар ҳақида маълумот берди. Ўзбекистон ва Афғонистон фармацевтика соҳаси вакиллари ўртасида B2B форматида мулоқотлар ташкил этилиб, қатор келишувларга эришилди.
Ўзбекистон делегациясининг Кобул шаҳридаги “Afghanistan Health Exhibition” кўргазмасида иштирок этиши, тренинглар ўтказиши ҳамда Қандаҳор шаҳрига сафар қилиб, фармацевтика соҳасида тегишли шартномаларни имзолаши режалаштирилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



