Ўзбек мебель маҳсулотлари АҚШдаги йирик кўргазмада намойиш этилди
Октябрь 27, 2026. 08:10 • 3 дақ
• 178ВАШИНГТОН, 27 октябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг АҚШдаги элчихонаси ва Ўзбекистон мебель ва ёғочсозлик саноати корхоналари уюшмаси (“MEYOS”) кўмагида “AIKO”, “IHLOS”, “Furniture” ва “Yassi” компаниялари Шимолий Каролина штатида бўлиб ўтган “High Point Market – 2026” халқаро мебель ва интерьер маҳсулотлари кўргазмасида қатнашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон элчихонаси маълумотига кўр, 1909 йилдан буён ўтказиб келинаётган “High Point Market” мебель саноатининг дунёдаги энг йирик савдо майдончаларидан бири ҳисобланади. Кўргазма йилига икки марта ўтказилиб, 2 мингга яқин ишлаб чиқарувчи ва брендни бирлаштиради.
Ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар учун “Бозор майдонидаги кўргазма заллари” кўргазма мажмуасининг халқаро таъминот павильонида алоҳида экспозиция ташкил этилди. “AIKO” уй ва очиқ жойлар учун замонавий мебелларни, “IHLOS” меҳмонхоналар, ётоқхоналар ва ошхоналар учун мебелларни, “Furniture” турли тўпламларни, “Yassi” эса ресторанлар ва офислар учун эргономик мебелларни тақдим этди.
Кўргазма давомида АҚШ ва бошқа мамлакатлардан келган улгуржи харидорлар, дизайнерлар ва компания вакиллари ўзбек маҳсулотларининг сифати, дизайни, ишлаб чиқариш имкониятлари ва нархлари билан танишди. Америкалик иштирокчилар очиқ жойлар учун мебеллар, замонавий интерьер ечимлари ва офис жиҳозларига алоҳида қизиқиш билдирди.
Алоҳида тақдимотлар ва B2B форматидаги музокаралар турли нарх сегментларидаги маҳсулотларнинг рақобатбардошлиги, индивидуал буюртмалар бўйича мебель ишлаб чиқариш ва Америка бозорига етказиб бериш шартларига бағишланди.
Экспортнинг амалий масалаларини ишлаб чиқиш учун Ўзбекистон томони АҚШдаги диаспора вакиллари ва соҳа мутахассислари билан ҳам маслаҳатлашувлар ўтказди. Божхона брокерлари, декларациялаш ва логистика бўйича экспертлар билан етказиб бериш тартиби, божхона расмийлаштируви, импорт божлари, транспорт харажатлари ва маҳсулотларни Америка бозорига олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Маҳаллий юридик ва консалтинг компаниялари билан учрашувлар Америка қонунчилигининг импорт қилинадиган мебелларга қўйиладиган талаблари, сертификатлаш, маркировкалаш ва техник мувофиқлик масалаларига бағишланди.
Музокараларда ўзбек маҳсулотлари намуналарини синовдан ўтказиш ва уларнинг техник талаблар ҳамда хавфсизлик нормаларига мувофиқлигини текшириш учун АҚШга етказиб бериш бўйича келишувларга эришилди.
Америкалик импортёрлар, дистрибьюторлар ва савдо тармоқлари вакиллари билан ўзбек мебелларини Шимолий Америкада доимий равишда тарғиб қилиш имкониятлари муҳокама қилинди. Хусусан, “AIKO”, “IHLOS” ва “Furniture” маҳсулотлари учун савдо уйлари ва кўргазма залларини ташкил этиш, омборхоналардан фойдаланиш ва маҳаллий онлайн платформалар орқали савдони йўлга қўйиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, АҚШ ва Канадада доимий яшовчи ватандош тадбиркорлар билан ўзбек мебелларини Шимолий Америкада тарғиб қилиш ва сотиш бўйича дилерлик шартномаларини тузиш юзасидан музокаралар давом эттирилмоқда.
Ташриф давомида ўзбекистонлик тадбиркорлар Американинг етакчи мебель брендлари тажрибаси, уларнинг дистрибьюторлик тизимлари, замонавий савдо усуллари, маҳсулот дизайни, қадоқлаш, маркетинг ва сотувдан кейинги хизмат кўрсатиш жараёнларини ўрганди.
Кейинги ишлар синов партияларини етказиб бериш, маҳсулотларни Америка бозори талабларига мослаштириш, дилерлик шартномаларини расмийлаштириш ва доимий савдо каналларини яратишга қаратилади.
“High Point Market” кўргазмасида иштирок этиш ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларга ўз маҳсулотларини хорижлик харидорларга тўғридан-тўғри тақдим этиш ва экспорт ҳамкорлигининг истиқболли йўналишларини белгилаш имконини берди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


