Ўзбекистоннинг ҳунармандчилик ва уй-рўзғор буюмлари Германия бозорида намойиш этилмоқда
Октябрь 27, 2026. 11:00 • 2 дақ
• 143БЕРЛИН, 27 октябрь. /“Дунё” АА/. Германиянинг йирик чакана савдо тармоқларига қарашли “OTTO” ва “Kaufland” маркетплейсларида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган чинни ва керамика идишлар, ошхона анжомлари ҳамда халқ ҳунармандчилиги буюмлари харидорларга таклиф этилмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тақдим этилган маҳсулотларда қўл меҳнати, анъанавий нақшлар ва шарқона безакларга алоҳида эътибор қаратилган. “OTTO” интернет-платформасида тошкентлик наққошлар услубидаги “Пахта гули” чинни чой тўпламлари, Риштон лаганлари ва косалари, наманганлик усталарнинг миллий пичоқлари ҳамда чўян қозонлар савдога қўйилган. Шунингдек, етти предметдан иборат чой сервизи ва керамик ликоплар ҳам харидорларга тақдим этилмоқда.
Немис тилидаги маҳсулот тавсифларида Риштон керамикасига хос ҳаворанг туслар, нозик сирлама (глазур) ва нақшлар, ҳар бир буюмнинг қўлда бўялгани алоҳида қайд этилган. Бу идишлар кундалик фойдаланиш, меҳмонларни қабул қилиш, уйни безатиш ва совға сифатида тавсия этилади.
“Kaufland” онлайн-платформасида эса турли ҳажмдаги, жумладан, 8–22 литрли ўзбек чўян қозонлари ва ўчоқлари таклиф қилинмоқда. Сотувчилар уларнинг мустаҳкамлиги, иссиқликни узоқ сақлаб туриши ва турли таомларни тайёрлаш учун қулайлигини таъкидлаганлар. Харидорларнинг қолдирган изоҳларида ҳам қозонларнинг амалий жиҳатлари юқори баҳоланган.
Ўзбекистон товарларининг Германия чакана савдо тизимида ўз ўрнини топиши мамлакатимиз маҳсулотларини Европа бозорида илгари суриш имкониятларини кенгайтирмоқда. Бунда миллий дизайн, хавфсизлик ва сифат бўйича ишончли маълумотлар, шунингдек, етказиб бериш ҳамда қайтариш шартлари муҳим аҳамият касб этмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



