2027 йил бошида Тошкент вилоятида Япония бозори учун тўқимачилик маҳсулотларининг синов партияларини ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда

Ноябрь 16, 2026. 08:10 • 2 дақ

• 136
2027 йил бошида Тошкент вилоятида Япония бозори учун тўқимачилик маҳсулотларининг синов партияларини ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда

ТОКИО, 16 ноябрь. /“Дунё” АА/. Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев бошчилигидаги делегациянинг Японияга сафари доирасида Токио шаҳрида “Masui Holdings Co., Ltd.” компанияси раҳбарияти билан музокаралар ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот давомида маҳсулотларни Япония ва Хитой бозорларига экспорт қилиш истиқболлари, махсус турдаги ип-калава ишлаб чиқариш ҳамда бўяш бўйича қўшма корхона ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Компания директорлар кенгаши раиси Кейжи Масуи ишлаб чиқаришга илғор япон технологиялари ва сифат стандартларини жорий этиш, янги қувватлар яратиш ҳамда экспорт географиясини кенгайтириш тажрибаси хусусида фикр билдирди.

“Masui Holdings” компаниясининг махсус турдаги ип-калава ишлаб чиқариш бўйича тажрибасини инобатга олган ҳолда, Япония томонига Тошкент вилоятида ана шундай маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларни бўяшга ихтисослашган қўшма корхона ташкил этиш имкониятини кўриб чиқиш таклиф этилди.

Маҳаллий хомашёдан самарали фойдаланиш ҳамда тайёр маҳсулотни Япония ва Хитойга етказиб бериш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек ўқинг

Маҳаллий кадрларни тайёрлаш масаласида ҳам фикр-мулоҳаза алмашилди. Бу борада вилоятдаги тўқимачилик корхоналарининг технологлари ва сифат назорати мутахассислари учун Япониянинг сифат стандартлари бўйича Осака шаҳрида икки ҳафталик ўқув курсини ташкил этиш таклиф этилди.

Ҳамкорликнинг яна бир йўналиши сифатида вилоятдаги истиқболли корхоналарда япон мутахассислари иштирокида сифат аудитини ўтказиш масаласи кўриб чиқилди. Аудит натижаларига кўра, 2027 йилнинг биринчи чорагида Япония бозори учун 2–3 турдаги маҳсулотнинг синов партияларини ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.

Тошкент вилояти делегацияси мазкур ташаббусларни амалга оширишда ҳар томонлама ташкилий-амалий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини маълум қилди. Хусусан, қўшма корхона учун ер майдони ва маҳаллий ҳамкорларни танлаш, хомашё етказиб беришни йўлга қўйиш, мутахассисларни саралаш ҳамда япониялик экспертларнинг ташрифларини ташкил этиш бўйича фикрлар билдирилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш