Logo

Ўзбекистон Фанлар академияси ANSOнинг Бошқарув кенгашига сайланди

Ноябрь 05, 2025. 15:56 • 46 сония

232
Ўзбекистон Фанлар академияси ANSOнинг Бошқарув кенгашига сайланди

ПЕКИН, 5 ноябрь. /"Дунё" АА/. Пекин шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро илмий ташкилотлар альянсининг (ANSO) IV Бош ассамблеясида Ўзбекистон Фанлар академияси мазкур ташкилотнинг олий бошқарув органи таркибига сайланди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистон Фанлар академиясининг ANSO – Халқаро илмий ташкилотлар альянси Бошқарув кенгашига сайланиши мамлакатимиз илм-фанининг халқаро майдондаги мавқеи ва нуфузлига берилган юксак баҳо бўлди.

– Бу халқаро эътироф мамлакатимизнинг барқарор ривожланиши, илмий билим алмашиш ва ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш соҳасидаги ташаббусларига бўлган ишончни ифодалайди, – дейди Фанлар академияси вице-президенти, профессор Сирожиддин Мирзаев. – Ўзбекистон бундай эътирофдан кейин янада фаоллашиб, келгусида ҳам илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илм-фанни ривожлантириш ва барқарор келажак йўлида илмий-технологик ҳамжиҳатликни чуқурлаштиришга ҳаракат қилади.

2018 йилда Хитой Фанлар академияси ташаббуси билан ташкил этилган Халқаро илмий ташкилотлар альянси Осиё, Европа, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатларининг 90 дан зиёд етакчи илмий муассасаларини бирлаштиради. Бугунги кунда ушбу ташкилот илмий-техникавий салоҳиятни ривожлантириш, инновациялар ва илм-фан орқали жаҳон ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли дастурларни амалга ошириб келмоқда.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш