Logo

Ўзбекистон Женевада кўчирилган ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тажрибасини тақдим этади

Декабрь 15, 2025. 17:59 • 2 дақ

79
Ўзбекистон Женевада кўчирилган ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тажрибасини тақдим этади

ЖЕНЕВА, 15 декабрь. /“Дунё” AA/. 15-17 декабрь кунлари Женева шаҳрида 2025 йилги Қочоқлар бўйича глобал форум тараққиёти шарҳи – юқори мансабдор шахсларнинг иккинчи учрашуви бўлиб ўтмоқда. Учрашувда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси иштирок этмоқда, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашув БМТнинг Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармаси томонидан Швейцария Конфедерацияси билан ҳамкорликда ташкил этилган.

Тадбир Қочоқлар ишлари бўйича глобал келишув мақсадларини амалга ошириш натижаларини сарҳисоб қилиш, 2019 ва 2023 йиллардаги Қочоқлар бўйича глобал форумларда давлатлар томонидан олинган мажбуриятларнинг бажарилишини баҳолаш, шунингдек, халқаро бирдамлик ва масъулиятни адолатли тақсимлаш механизмларини мустаҳкамлашга қаратилган.

Ўзбекистон делегацияси кўчирилган ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги миллий тажриба ва ютуқларни тақдим этади. Ўзбекистон халқаро стандартларга мувофиқ миллий ҳуқуқий базани изчил мустаҳкамлаб бормоқда, жумладан, янги таҳрирдаги Конституцияда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари мустаҳкамланган.

#IBelong глобал кампанияси доирасида Янги Ўзбекистон фуқаросизлик даражасини камайтиришда сезиларли ютуқларга эришди – 85 минг нафардан ортиқ киши фуқароликка эга бўлди. Бугунги кунда мамлакат Марказий Осиё минтақасида фуқаросизликнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича энг барқарор натижалардан бирини қўлга киритди.

Қўшни Афғонистондаги инсонпарварлик инқирози шароитида Ўзбекистон БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Термиз шаҳридаги минтақавий инсонпарварлик логистика марказини ишга туширишни қўллаб-қувватлаб, асосий ёрдам воситаларини Афғонистон ва унинг ташқарисига тезкор етказиб беришга кўмаклашди.

Форум доирасида қочоқлар ва уларни қабул қилувчи давлатларга кўрсатиладиган ёрдамни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилиш, бу борадаги мажбуриятларнинг бажарилишини таҳлил этиш, шунингдек, Ўзбекистон ва бошқа давлатлар томонидан аҳолининг заиф қатламларини ҳимоя қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот алмашиш режалаштирилган. Халқаро ҳамкорлик доирасида шерикликни ривожлантириш ва илғор тажрибалар алмашишга алоҳида эътибор қаратилади.

Ўзбекистоннинг Глобал форумдаги иштироки мамлакатнинг халқаро мажбуриятларини бажаришга содиқлигини ва мажбурий кўчирилган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича барқарор ечимлар ишлаб чиқиш учун ҳисса қўшишга интилишини тасдиқлайди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Maftuna Rajabbayeva

maftuna@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш