Logo

Деҳлида ЮНEСКО Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш ҳукуматлараро қўмитасининг 20-сессияси ўз ишини бошлади

Декабрь 08, 2025. 20:03 • 3 дақ

132
Деҳлида ЮНEСКО Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш ҳукуматлараро қўмитасининг 20-сессияси ўз ишини бошлади
Деҳлида ЮНEСКО Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш ҳукуматлараро қўмитасининг 20-сессияси ўз ишини бошлади

ДEҲЛИ, 8 декабрь. /«Дунё» АА/. Ҳиндистон пойтахтида бугун ЮНEСКО Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш ҳукуматлараро қўмитасининг йигирманчи сессияси очилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ўзбекистон ушбу қўмита аъзолигига 2022–2026 йилларга сайланган.

Форум Ҳиндистонда биринчи марта ўтказилмоқда ва анжуманнинг ЮНEСКО Умумжаҳон мероси объекти – тарихий Қизил қалъа мажмуаси ҳудудида ташкил этилгани рамзий маънога эга. Мазкур тадбир уюштирилган ҳудуд моддий ва жонли мерос ўртасидаги узвий боғлиқликни алоҳида таъкидлаб туради.

Сессияда 185 дан ортиқ мамлакатдан 1000 дан зиёд делегат иштирок этиши кутилмоқда. Бу эса тадбирни маданий анъаналарни сақлаш борасидаги мулоқот учун глобал майдонга айлантирмоқда.

Сессия жонли меросни сақлаш соҳасидаги глобал сиёсатни муҳокама қилиш, инсоният номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатига киритиш учун янги номинацияларни кўриб чиқиш, шунингдек, ноёб анъана ва амалиётларни оммалаштириш ва ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш учун асосий платформа бўлиб хизмат қилади.

Йирик халқаро анжуман бой дастури доирасида Ўзбекистон маданий меросига бағишланган муҳим сайд-ивентлар режалаштирилган.

Чоршанба куни қорақалпоқ жирови халқ достончилик санъати ва қўбиз чолғу асбобига бағишланган махсус кеча бўлиб ўтади. Қорақалпоқ халқининг маънавий ва тарихий мероси бўлган ушбу эпик қўшиқчилик анъанаси кенг халқаро жамоатчиликка тақдим этилади.

Бундан ташқари, қўмита муҳокамасига қорақалпоқ ўтовини тайёрлаш бўйича анъанавий билим ва кўникмалар элементини Инсоният номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатига киритиш масаласи қўйилган. Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон томонидан илгари сурилган мазкур трансмиллий номинация минтақа кўчманчи халқлари маданий анъаналарининг аҳамияти ва умумийлигини намоён этади.

Ўзбекистоннинг сессия ишида фаол иштирок этиши мамлакатимизнинг ЮНEСКО билан жадал ривожланиб бораётган ҳамкорлигининг ёрқин ифодасидир.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг изчил саъй-ҳаракатлари туфайли сўнгги йилларда ўзаро шерикликни мустаҳкамлашда салмоқли ютуқларга эришилди. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистоннинг буюк меросини халқаро майдонда тарғиб қилиш муҳимлигини кўп бора таъкидлаб келмоқда, бу эса шашмақом, лазги, аския, шунингдек, атлас ва адрас тўқиш анъаналари ҳамда бошқа элементларни ЮНEСКО рўйхатларига киритиш учун қулай имкониятлар яратди.

Ўзаро ҳамкорликнинг юқори даражасининг алоҳида тасдиғи сифатида 2025 йил 30 октябрь — 13 ноябрь кунлари Самарқандда ЮНEСКО Бош конференциясининг 43-сессияси ўтказилганини урғулаш мумкин. Бу билан ЮНEСКОнинг олий раҳбар органи бўлган Бош конференция сессияси 40 йил давомида биринчи марта Париж шаҳри ташқарисида ташкил этилди ҳамда жаҳон ҳамжамияти томонидан Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва унинг халқаро маданий-маърифий мулоқотдаги фаол ролини тан олинганини яққол кўрсатди.

Самарқанд сессиясида Президент Шавкат Мирзиёев номоддий маданий меросни сақлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш, «Жаҳон хотираси» дастурини кенгайтириш, Халқаро ҳужжатли мерос кунини таъсис этиш ва бошқа қатор муҳим глобал ташаббусларни илгари сурди.

Ўзбекистоннинг ўз маданий ташаббуслари билан Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш ҳукуматлараро қўмитасининг 20-сессиясида иштирок этиши мамлакатимизнинг ЮНEСКО доирасидаги фаол ва бунёдкорлик ролининг мантиқий давоми бўлди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Samandar Xodjiyev

samandar@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш