Болгарияни тарихда илк бор аёл киши бошқаради

Ноябрь 03, 2026. 20:25 • 2 дақ

• 104
Болгарияни тарихда илк бор аёл киши бошқаради
 “Болгария радиоси” сайти сурати

СОФИЯ, 3 ноябрь. /“Дунё” АА/. Болгарияда президентлик сайловларининг иккинчи турида ғолиб чиққан Илияна Йотова давлат раҳбари лавозимига сайланган биринчи аёл бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Марказий сайлов комиссияси маълумотларига таяниб.

Баённомаларнинг 100 фоизи қайта ишлангандан сўнг, Илияна Йотова ва унинг вице-президентликка номзоди Кирил Вълчев 57,6 фоиз овоз олди. Уларнинг рақиблари – собиқ бош вазир вазифасини бажарувчи Андрей Гюров ва Георгий Кандев тахминан 39,5 фоиз овоз тўплади.

Иккинчи тур 1 ноябрь куни бўлиб ўтди. Чунки 25 октябрдаги биринчи овоз бериш натижаларига кўра, номзодларнинг ҳеч бири мутлақ кўпчилик овозини қўлга кирита олмаган эди. Ўшанда Йотова 34,76 фоиз, Гюров эса 31,95 фоиз овоз олган эди. Иккинчи турда сайловчиларнинг 29 фоизи иштирок этди.

Сайловга қадар Илияна Йотова вице-президент лавозимида ишлаган. У 2026 йил январь ойидан “Тараққийпарвар Болгария” партияси раҳбари сифатида парламент сайловларида иштирок этиш учун истеъфога чиққан Румен Радевдан кейин президент вазифасини вақтинча бажарган.

Янги президент 2027 йил январь ойида расман ўз лавозимига кириши кутилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш