АҚШ оралиқ сайловлар арафасида Эрон оролига зарба берди

Ноябрь 03, 2026. 16:30 • 2 дақ

• 176
АҚШ оралиқ сайловлар арафасида Эрон оролига зарба берди

ВАШИНГТОН, 3 ноябрь. /“Дунё” АА/. АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Теҳрон билан можарони дипломатик йўл билан ҳал қилиш мумкинлиги ҳақидаги баёнотлари фонида Эроннинг Ҳурмуз бўғозидаги Қешм оролига чекланган зарбалар берди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“The Wall Street Journal” нашрининг маълум қилишича, операция мудофаа характерига эга бўлиб, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) томонидан Америка ҳаво кемасининг ўққа тутилишига жавоб бўлган. Қайд этилишича, зарбалар минтақадаги Америка объектларини ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, кенг кўламли ҳарбий операциянинг бошланиши ҳисобланмайди.

Эроннинг “IRNA” агентлиги оролда бир нечта портлаш содир бўлгани ҳақида хабар берди. Портлашлар қўшни Ҳенгам ороли ва Бандар-Аббос порт шаҳрида ҳам эшитилган. Шу билан бирга, ИИҚК Қешм ороли устида Американинг иккита разведка дрони йўқ қилинганини маълум қилди. Мазкур ҳолатлар Америка операцияси билан боғлиқми ёки йўқми, ҳозирча аниқлаштирилмаган.

Зарбалар АҚШ Конгрессига оралиқ сайловлар арафасида, овоз беришдан сўнг Эронга қарши кенг кўламли ҳарбий операция қайта бошланиши мумкинлиги ҳақидаги тахминлар фонида берилди.

Дональд Трамп бир кун аввал Вашингтон вазиятни кескинлаштиришга шошилмаётганини маълум қилди. У “Axios” нашрига берган интервьюсида АҚШ Эронга жиддий иқтисодий зарар етказганини таъкидлаб, Теҳроннинг келишувдан манфаатдор эканига ишонч билдирди.

“Fox News” телеканалига берган интервьюсида Америка президенти Эроннинг ядро дастури билан боғланаётган “Pikeks-Mauntin” ер ости объектига зарба бериш эҳтимолини ҳам истисно этмади. Унинг сўзларига кўра, бундай операция тахминан бир соат вақт олиши мумкин.

Шу билан бирга, дипломатик алоқалар давом этмоқда. Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи воситачилар орқали АҚШ билан қизғин музокаралар олиб борилаётганини маълум қилди.

АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс ҳам музокараларда силжиш борлигини билдириб, томонлар можарога барҳам бериш йўлларини излашда муайян натижаларга эришганини таъкидлади.

“AP” агентлиги сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш