Венесуэлада кучли зилзилалар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 235 нафарга етди

Июнь 26, 2026. 11:15 • 2 дақ

57
Венесуэлада кучли зилзилалар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 235 нафарга етди

КАРАКАС, 26 июнь. /“Дунё” АА/. Венесуэла шимолида содир бўлган иккита кучли зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони тахминан 235 кишига етди, камида 4300 киши жабрланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “AP” агентлигига таяниб.

Соғлиқни сақлаш вазири Карлос Алварадонинг маълум қилишича, 235 га яқин киши тиббиёт муассасаларига ҳаётий белгиларсиз олиб келинган ёки етиб келгач вафот этган. Унинг сўзларига кўра, минглаб одамлар бедарак йўқолган деб ҳисобланаётгани боис қурбонлар ва жабрланганлар сони ортиши эҳтимоли бор.

Эслатиб ўтамиз, магнитудаси 7,2 ва 7,5 га тенг бўлган зилзилалар 24 июнь куни кечқурун бир дақиқа фарқ билан содир бўлган. Уларнинг эпицентрлари мамлакатнинг шимолий қирғоғида, Морон шаҳридан ғарбда, 10–22 километр чуқурликда жойлашган. Бу зилзилалар мамлакат тарихида сўнгги юз йилдан ортиқ вақт ичидаги энг кучлиларидан бири бўлиб, бутун минтақада, жумладан, Бразилиянинг Амазония ҳудудларида ҳам сезилган.

Энг катта талафотлар мамлакатнинг асосий аэропорти жойлашган Ла-Гуайра соҳилбўйи минтақасида қайд этилган. Аэропорт шикастлангани туфайли вақтинча ёпилган. Қутқарув хизматлари энг кўп зарар кўрган ҳудудларга сафарбар этилган, бироқ маҳаллий аҳоли оғир техника етишмаслиги ва вайроналарни ўзлари тозалашга уринаётгани ҳақида хабар берган.

Гувоҳлар вайронагарчилик жойларидаги тартибсиз вазиятни тасвирлаб берган: харобалар остидан жабрланганлар, жумладан, болалар ва ҳайвонлар олиб чиқилаётган эди. Айрим ҳолларда қутқарувчилар бетон плиталар остидан тирик қолганларни топиб, уларни озод қилишга ҳаракат қилган.

Шунингдек ўқинг

Зилзила пайтида кўплаб венесуэлаликлар уйда бўлган – ўша куни мамлакат Симон Боливар армияси испан қўшинлари устидан ғалаба қозониб, Венесуэла мустақиллигини таъминлаган Карабобо жанги (1821) байрами нишонлаётган эди.

Табиий офат оқибатларини бартараф этишга бошқа мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар ҳам жалб қилинмоқда. Хусусан, АҚШ 150 миллион доллар молиявий ёрдам ажратишини эълон қилди ва Венесуэлага ўзининг қидирув-қутқарув гуруҳларини юбормоқда.

“Қурбонлар сони кўп ва зарар миқёси катта бўлиши, фалокат эса кенг кўламли тус олиши эҳтимоли юқори”, – дея баёнот берди АҚШ Геология хизмати. Идора дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ҳалок бўлганлар сони 10 мингдан 100 минггача етиши мумкинлигини таъкидлади.

“AP” агентлиги сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш