“Associated Press Of Pakistan” АА: Ўзбекистонда яратилган фермерларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминловчи ижобий амалиёт дунёнинг бирорта давлати тажрибасида мавжуд эмас

Июнь 26, 2026. 09:30 • 3 дақ

51
“Associated Press Of Pakistan” АА: Ўзбекистонда яратилган фермерларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминловчи ижобий амалиёт дунёнинг бирорта давлати тажрибасида мавжуд эмас

ИСЛОМОБОД, 26 июнь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг марказий “Associated Press Of Pakistan” ахборот агентлиги “Янги Ўзбекистон қишлоқ хўжалигидаги такомиллаштирилган тизим фермерлар манфаатларига хизмат қилади” сарлавҳали мақолани тарқатди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасини ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилган ислоҳотларнинг самарали натижалари қаламга олинган. Ушбу ўзгаришлар нафақат ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, балки фермерларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, соҳани рақамлаштириш ҳамда бозор механизмларини кенг жорий этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

“Янги ёндашув натижасида Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳаси босқичма-босқич маъмурий бошқарувдан иқтисодий эркинлик ва рақобат муҳитига ўтмоқда,– дейилади материалда. – Хусусан соҳани рақамлаштириш орқали қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ажратишда шаффоф механизм жорий этилиб, фермерларга электрон шаклда аукцион орқали ерни эркин сотиб олиш имконияти ва ижара ҳуқуқини ҳимоя қилиш кафолати яратилди”.

Таъкидланишича, Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган фақат захирада турган ерлар ҳамма учун очиқ электрон аукцион савдолари орқали эркин сотиб олиш имконияти яратилди.

Шунингдек, янги тизим бўйича фермерлар ижарага олган ерларига экинларни мустақил жойлаштириш механизми жорий этилди.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 12 августда қабул қилинган фармонига мувофиқ 2026 йил ҳосилидан бошлаб фермер хўжаликлари, кластерлар ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотлари ўз ер участкаларида экиладиган экин турларини “Агропортал” (“Рақамли қишлоқ хўжалиги” ягона интеграцион платформа) орқали мустақил равишда жойлаштиради. Бунда давлат органлари томонидан экинларни тўғридан-тўғри белгилаш амалиёти бекор қилинди ва маълумотлар рақамли платформа орқали шаффоф юритилиши белгиланди.

Рақамли платформалар орқали экинларни жойлаштириш амалиёти инсон омилини камайтириб, қарор қабул қилиш жараёнини шаффофлаштирмоқда. Бу эса бозор талабидан келиб чиққан ҳолда маҳсулот етиштиришга шароит яратмоқда.

Мақолада фермерларнинг фаолияти эркинлигини таъминлаш бўйича янги тизим жорий этилгани, давлат буюртмалари тизими қисқартирилгани қайд этилган. Яъни пахта ва ғалла етиштиришда эркин бозор тамойиллари босқичма-босқич кенгайиб, фермерларга харидорни мустақил танлаш имконияти яратилди, – деб таъкидланган.

“Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасига кўра, бугунги кунда фермерлар биржа савдолари орқали шартнома тузиш, маҳсулотни эркин реализация қилиш ва даромадни мустақил бошқариш имкониятига эга бўлмоқда. Маҳаллий амалдорлар фермерларнинг фаолиятига аралашса, уларга таҳдид ёки ҳақорат қилса, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасига кўра, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима жазоси белгиланди.

“Associated Press Of Pakistan” ахборот агентлиги ёзганидек, “Ўзбекистонда яратилган фермерларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминловчи бу ижобий амалиёт дунёнинг бирорта давлати тажрибасида мавжуд эмас”.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш