Ўзбекистон ҳудудлари ва Россиянинг Ростов вилояти ишбилармонлик ва гуманитар алоқаларни мустаҳкамламоқда
Июнь 26, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 118
РОСТОВ-ДОН, 26 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон дипломатлари ва Ростов вилояти губернатори Юрий Слюсарь ўртасида учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Музокаралар давомида савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, саноат кооперациясини ривожлантириш ва қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, таълим, жумладан, ўрта касб-ҳунар ва техник таълим, кадрлар тайёрлаш ҳамда туризмни ривожлантириш соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон ҳудудлари ва Ростов вилояти ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш, ишбилармонлик алмашинувини фаоллаштириш ҳамда Россия корхоналарининг Ўзбекистон махсус иқтисодий зоналари ҳудудидаги инвестиция лойиҳаларида иштирокини таъминлаш масалалари алоҳида муҳокама қилинди.
Учрашув давомида қатор келишувларга эришилди. Хусусан, томонлар ишбилармон доиралар ўртасида бизнес-миссиялар ташкил этиш, тегишли тузилмалар иштирокида меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, ўрта касб-ҳунар таълими муассасалари ўртасидаги ўзаро алоқаларни кенгайтиришни режалаштирмоқда.
Шу билан бирга, 2021 йилда имзоланган Ростов ва Жиззах вилоятлари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битим доирасида 2027–2028 йилларга мўлжалланган янгиланган тадбирлар режасини тайёрлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Бундан ташқари, Термиз шаҳридаги “Айритом” эркин савдо зонасида Ростов ишлаб чиқарувчилари маҳсулотларининг кўргазма-савдо павильонини ташкил этиш масаласини ишлаб чиқиш ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш режалаштирилган.
Ростов вилояти губернатори Юрий Слюсарнинг 2027 йил баҳорида Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш таклифи алоҳида банд сифатида қайд этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси