“Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишони таъсис этилди

Июнь 25, 2026. 21:30 • 2 дақ

3
“Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишони таъсис этилди

ТОШКЕНТ, 25 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президентининг “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишонини таъсис этиш тўғрисидаги фармони имзоланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу ҳужжат мамлакат мустақиллигининг 35 йиллигини нишонлашга тайёргарлик доирасида қабул қилинган бўлиб, мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий қудрати ва салоҳияти, жаҳон майдонидаги нуфузини оширишга муносиб ҳисса қўшаётган, ўзининг кўп йиллик фидокорона меҳнати, юксак касбий маҳорати ва ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки билан эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган ватандошларимизни муносиб рағбатлантиришга қаратилган.

Фармонда мустақиллик – мард ва олижаноб халқимизнинг қатъий иродаси, истиқлол йўлида кураш олиб борган фидойи аждодларимизнинг жасорати ва матонати билан қўлга киритилган, Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган эзгу ишларимизнинг асоси, келажак авлодларимиз учун безавол етказишимиз шарт бўлган буюк ва муқаддас қадрият экани алоҳида таъкидланган.

Шунингдек ўқинг

Шунингдек, истиқлол туфайли янгиланган конституциямиз ҳамда “Ўзбекистон–2030” стратегияси асосидаги тараққиёт йўлимиз юртимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инсон қадр-қимматини улуғлаш, жамиятимизда тинчлик ва барқарорлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, буюк тарихимиз ҳамда миллий урф-одат ва анъаналаримизни асраб-авайлаш, минтақамизда яхши қўшничилик муносабатларини қарор топтириш, мамлакатимизнинг халқаро обрў-эътиборини юксалтиришда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилаётгани қайд этилган.

Ҳужжатга мувофиқ, “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишонининг Низоми ва тавсифи тасдиқланган.

Ушбу ёдгорлик нишонининг таъсис этилиши Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган муҳим тадбирлардан бири бўлиб, мамлакат тараққиёти ва давлатчиликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган ватандошлар хизматини эътироф этишга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш