Мундиалдаги омадсизликдан сўнг Жанубий Корея бош мураббийи истеъфога чиқди

Июнь 29, 2026. 17:30 • 3 дақ

68
Мундиалдаги омадсизликдан сўнг Жанубий Корея бош мураббийи истеъфога чиқди

СЕУЛ, 29 июнь. /“Дунё” АА/. Футбол бўйича Жанубий Корея терма жамоаси бош мураббийи Хон Мён Бо жамоанинг жаҳон чемпионатидаги муваффақиятсиз иштирокидан сўнг истеъфога чиқишини эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Yonhap” ахборот агентлигига таяниб.

Кеча Мексикада бўлиб ўтган матбуот анжуманида мураббий мухлислардан узр сўради ва натижа учун бутун масъулият “бош мураббий сифатида тўлиқ унинг зиммасида” эканини айтди.

ФИФА рейтингида 32-ўринни эгаллаб турган ва сардор Сон Хин Мин бошчилигидаги Жанубий Корея терма жамоаси мундиалда бир марта ғалаба қозониб, икки бор мағлубиятга учради. Жамоа Мексика ва Жанубий Африкага имкониятни бой бериб, А гуруҳида учинчи ўринни эгаллади.

Жанубий Африкага 0:1 ҳисобида мағлуб бўлинганидан сўнг, гуруҳларда учинчи ўринни эгаллаган саккизта энг яхши жамоалардан бири сифатида 1/16 финалга чиқиш умиди сақланиб қолаётганди. Бундай формат жаҳон чемпионати иштирокчилари сони 32 тадан 48 тага кенгайтирилгач, илк бор қўлланилмоқда. Бироқ 27 июнь куни бошқа ўйинларнинг якуний натижалари Жанубий Корея жамоасини курашни давом эттириш имкониятидан маҳрум қилди.

Жамоа мусобақадан чиқиб кетганидан сўнг, Жанубий Кореяда мураббийга нисбатан танқидлар кучайди. Миллий терма жамоанинг “Red Devils” номли расмий фан-клуби Хон Мён Бодан “бутун мамлакат олдида тиз чўкишни ва футбол оламини абадий тарк этишни” талаб қилди.

Жанубий Корея Президенти Ли Чже Мён жамоанинг мусобақани эрта тарк этишини “нафақат кутилмаган, балки мутлақо ақлга сиғмайдиган ҳолат” деб атади. Унинг сўзларига кўра, бу воқеа ташкилотчилик ва кадрлар сиёсатидаги муаммолардан далолат беради.

“Раҳбар танлашда лаёқатга эмас, шахсий алоқаларга устунлик берилса, натижа ёнаётган қоғоз каби олдиндан маълум бўлади”, – деди давлат раҳбари ҳамда терма жамоанинг муваффақиятсиз иштироки сабабларини тергов қилишга чақирди.

Жанубий Корея оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, Хон Мён Бонинг бош мураббий этиб тайинланиши бошиданоқ баҳс-мунозаралар билан кечган. Терма жамоанинг собиқ сардори Жанубий Корея ўз тарихида илк бор ярим финалга чиққан 2002 йилги жаҳон чемпионати қаҳрамони саналарди. Бироқ унинг бош мураббий сифатидаги аввалги фаолияти – 2014 йилги жаҳон чемпионатида жамоа гуруҳдан чиқа олмаган ва бирорта ҳам ғалаба қозонмаган эди.

Унинг 2024 йилда қайта тайинланиши ҳам айрим мухлисларнинг норозилигига сабаб бўлди. Улар Корея футбол ассоциациясини пухта саралаб олинган бошқа номзодлар ўрнига “ўз одами”ни афзал кўрганликда айблади.

Айни пайтда, Жанубий Корея полицияси жамоа ватанига қайтганидан сўнг собиқ бош мураббийни ўлдириш билан боғлиқ таҳдидлар интернетда пайдо бўлгани ортидан Инчхон аэропорти ва бошқа жойларда хавфсизлик чораларини кучайтирди.

“BBC” сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш