Ўзбекистон ва Польша меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликни ривожлантирмоқда
Июнь 29, 2026. 15:00 • 2 дақ
• 1
ВАРШАВА, 29 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонасида Польшанинг “LeasingTeam Group” компанияси вакиллари билан учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Музокаралар чоғида Польша ва Европанинг бошқа давлатларида мамлакатимиз фуқароларини уюшган ҳолда ишга жойлаштириш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар Ўзбекистоннинг меҳнат ва кадрлар салоҳияти, мутахассисларнинг касбий тайёргарлик даражаси, шунингдек, уларни Европа меҳнат бозорида қонуний ишга жойлаштириш имкониятлари билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқди.
Польша компанияси вакиллари логистика соҳасида, жумладан, ҳайдовчи ва йиғувчи касблари бўйича 500 га яқин, ахборот технологиялари соҳасида 200 та ҳамда банк тизимида 65 та бўш иш ўрни мавжудлигини маълум қилди.
Шунингдек, виза расмийлаштириш, меҳнат қилиш учун рухсатнома олиш ва хорижий фуқароларни ишга жалб этишдаги амалий муаммолар муҳокама қилинди.
Учрашув давомида Ўзбекистон элчихонасига бириктирилган 33 та техникум ва коллеж ҳамда Польша олий таълим муассасалари иштирокида “Work, Travel and Study” тамойили асосида пилот лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
Музокаралар якунида бўш иш ўринлари, иш берувчиларнинг талаблари ва меҳнат шароитлари тўғрисида мунтазам маълумот алмашишни йўлга қўйиш, шунингдек, пилот лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.
“LeasingTeam Group” 23 йилдан ортиқ вақтдан буён Польша меҳнат бозорида фаолият юритиб, қарийб 800 нафар иш берувчи билан ҳамкорлик қилмоқда. Компания Германия, Руминия, Чехия ва бошқа Европа мамлакатларида ҳам рекрутинг лойиҳаларини амалга оширмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси