Ўзбекистон ва Туркманистон етакчилари телефон орқали мулоқотда стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга интилиш қатъийлигини тасдиқладилар
Июнь 29, 2026. 14:15 • 2 дақ
• 63
ТОШКЕНТ, 29 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, суҳбат аввалида Ўзбекистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовни таваллуд куни билан самимий қутлаб, мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат, қардош Туркманистон халқига эса тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.
Ўз навбатида Халқ Маслаҳати Раиси Ўзбекистон етакчисига Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг саломини етказди.
Томонлар стратегик шерикликнинг бугунги ҳолатини юксак баҳоладилар. Барча даражаларда яқин ва самарали алоқалар давом эттирилмоқда. Товар айирбошлаш ҳажми барқарор суръатда ўсмоқда, саноат, энергетика, транспорт ва бошқа устувор тармоқларда кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. “Шовот–Тошовуз” савдо зонаси унумли фаолият юритмоқда.
Ҳудудлараро, ишбилармонлик ва маданий-гуманитар алмашинувлар кенгаймоқда.
Яқинда Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишларининг якунлари юксак баҳоланди.
Жорий йил октябрь ойида Туркманистонда бўлиб ўтадиган Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашувига тайёргарлик кўриш доирасида минтақавий кун тартибини мувофиқлаштириш ва илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати архивидан олинган сурат
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси