Тошкентда “Umrah Plus & Ziyarat Tourism” IV халқаро сайёҳлик кўргазмаси бўлиб ўтди
Июнь 29, 2026. 16:00 • 2 дақ
• 102ТОШКЕНТ, 29 июнь. /“Дунё” АА/. Пойтахтимиздаги “Humo Arena” мажмуасида “Umrah Plus & Ziyarat Tourism” IV халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур тадбир Ўзбекистоннинг Ар-Риёздаги элчихонаси ва Умра зиёратлари сайёҳлик агентликлари ассоциацияси ташаббуси билан ташкил этилди.
Кўргазмада Саудия Арабистонининг меҳмонхона, транспорт, авиация, умумий овқатланиш, ресторан бизнеси ҳамда туризм соҳаларида фаолият юритаётган 200 дан ортиқ тадбиркор ва компания вакиллари қатнашди.
Тадбир доирасида икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида B2B форматидаги учрашувлар, бизнес музокаралари ва тақдимотлар ўтказилди. Уларда туризм ва зиёрат туризми соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Шунингдек, Экспортчилар уюшмаси томонидан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ва қуруқ мевалар намойиш этилди.
Кўргазма иштирокчиларига Тошкент шаҳрида барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази фаолияти ва унинг аҳамияти ҳақида тақдимот ўтказилди. Марказ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилган йирик маърифий ва илмий лойиҳалардан бири экани таъкидланди.
Тадбир доирасида туризм соҳасини рақамлаштириш, замонавий хизматларни жорий этиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига бағишланган давра суҳбатлари ҳам ташкил этилди. Мамлакатимизда туризмни иқтисодиётнинг стратегик драйверларидан бирига айлантириш мақсадида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар ва янги ташаббуслар хусусида атрофлича маълумот берилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


