Logo

Тошкентда IATAнинг доимий ваколатхонаси очилди

Апрель 27, 2026. 13:55 • 3 дақ

212
Тошкентда IATAнинг доимий ваколатхонаси очилди

БРЮССЕЛЬ, 27 апрель. /“Дунё” АА/. Тошкентда Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси (IATA) ўзининг доимий ваколатхонасини очди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА Бельгиянинг “Travel Tomorrow” нашрига таяниб.

Мақолада қайд этилишича, ушбу ваколатхона жорий йил якунига қадар Ўзбекистонда “Billing and Settlement Plan” (BSP) ўзаро ҳисоб-китоблар тизимини ишга туширишни режалаштирмоқда.

Ушбу лойиҳа Осиё, Европа ва Кавказни боғловчи асосий транспорт узели сифатидаги ўрнини мустаҳкамлашга интилаётган мамлакат авиация соҳаси учун муҳим босқич бўлиши кутилмоқда.

IATAнинг Европа бўйича минтақавий вице-президенти Рафаэль Шварцман Ўзбекистон йўловчи ва юк ташиш бозорида тобора муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади. Унинг фикрича, мазкур офиснинг очилиши ҳамда BSP тизимининг жорий қилиниши хавфсизлик ва операцион самарадорликни ошириш орқали ҳаво қатновини ривожлантиришга стратегик ёрдам беради.

BSP тизими сайёҳлик агентликлари ва авиакомпаниялар ўртасидаги ҳисоб-китобларни соддалаштиришга, авиачипталар савдосининг молиявий инфратузилмасини яхшилашга қаратилган. Бу ўтказмалар самарадорлигини оширишга ва халқаро дистрибуция каналларидан фойдаланиш имконини кенгайтиришга хизмат қилади.

Нашрда ёзилишича, янги офис халқаро хавфсизлик стандартлари ва операцион фаолиятни жорий этиш масалаларида авиакомпаниялар, аэропортлар ҳамда давлат органлари билан ҳамкорликни янада яхшилайди.

Шунингдек ўқинг

Ассоциациянинг қайд этишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон ўзини Буюк Ипак йўли йўналишидаги замонавий марказ сифатида кўрсатиб, транспорт ва туризм инфратузилмасини фаол ривожлантирмоқда. Аввалроқ, 2026 йилда 12 миллион хорижий сайёҳни қабул қилиш ва 2030 йилга бориб бу кўрсаткични 20 миллионга етказиш режалаштирилгани хабар қилинган эди.

Шунингдек, ташкилот 2024–2050 йиллар оралиғида Ўзбекистонда йўловчи авиайўналишидаги ташувларнинг 3,3 фоизга ўсишини тахмин қилмоқда. Бу ўртача жаҳон кўрсаткичидан юқори ҳисобланади.

Тошкент, Бухоро ва Урганч аэропортлари изчил модернизация қилинаётгани, Навоийдаги юк ҳаби ривожлантирилаётгани бу соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга мисол бўла олади. 2023 йил якунига кўра, Ўзбекистон аэропортлари орқали юк ташиш ҳажми 66,6 минг тоннани ташкил этган.

Ҳисоб-китобларга кўра, авиация соҳаси Ўзбекистон иқтисодиётига 795,5 миллион АҚШ доллари миқдорида фойда келтириб, қарийб 128 мингта иш ўрнини яратади. Авиаташувлар билан боғлиқ туризм эса мамлакат иқтисодиётига сезиларли қўшимча даромад олиб келади.

“Travel Tomorrow”да эълон қилинган мақолада Ўзбекистоннинг барқарор авиация ёқилғиси (SAF) ишлаб чиқаришдаги имкониятлари ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган. Бу углерод чиқиндиларини камайтиришга ва янги экспорт имкониятларини яратишга хизмат қилиши мумкин.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш