АҚШ Куба президентига қарши янги санкциялар киритди

Июнь 05, 2026. 20:25 • 2 дақ

80
АҚШ Куба президентига қарши янги санкциялар киритди

ГАВАНА, 5 июнь. /“Дунё” АА/ Америка Қўшма Штатлари Куба президенти Мигел Диас-Канел ҳамда у билан боғлиқ қатор шахслар ва ташкилотларга қарши янги санкциялар киритди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири АҚШ Молия вазирлиги сайтига таяниб.

Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (ОФАC) маълумотларига кўра, тўртта жисмоний шахс ва бешта ташкилот чекловларга учраган. Санкциялар рўйхатига, хусусан, президентнинг рафиқаси Лис Куэста Пераса, Кастро оиласининг икки аъзоси, Куба инқилобий қуролли кучлари вазирлиги киритилган.

Нашр эълон қилинган пайтда Америка расмийлари томонидан янги чекловлар бўйича расмий изоҳлар берилмаган. АҚШ президенти Дональд Трампнинг айтишича, Вашингтон Кубани “яхши бошқариладиган мамлакат”га айлантиришга интилмоқда.

Санкцияларнинг жорий этилиши АҚШнинг Гаванага босимни кучайтириш йўлидаги навбатдаги қадами бўлди. Аввалроқ, Америка томони санкциялар рўйхатини кенгайтириб, уларга Куба расмийлари, ҳарбий раҳбарият вакиллари ва давлат бошқаруви билан боғлиқ тузилмаларни киритган эди.

Шунингдек ўқинг

Куба ҳукумати янги чораларни кескин қоралади. Куба ташқи ишлар вазири Бруно Родригес санкцияларни “жирканч” деб атади ва улар АҚШнинг интервенцион сиёсатининг навбатдаги кўриниши эканини айтди. Унинг сўзларига кўра, бундай ҳаракатлар икки давлат ўртасида қарама-қаршилик сценарийсини яратишга қаратилган, бироқ “муваффақиятсизликка маҳкум”.

Раул Кастродан кейин 2018 йилдан бери мамлакатни бошқариб келаётган Куба президенти Мигел Диас-Канел янги чекловлар блокада сиёсатининг бир қисми эканини ва Куба халқига қарши қаратилганини айтди. Унинг таъкидлашича, Гавана “империя босими”га қарши туриш ниятида.

Вашингтон ва Гавана ўртасидаги кескинлик АҚШнинг 1962 йилдан бери амалда бўлган кўп йиллик иқтисодий эмбаргоси, шунингдек, оролда ижтимоий-иқтисодий вазиятнинг ёмонлашуви фонида сақланиб қолмоқда. Халқаро ОАВ маълумотларига кўра, Куба нефть захираларининг тўлиқ тугаши, электр таъминотидаги узилишлар ва озиқ-овқат, дори-дармон ва асосий хизматлар танқислигига дуч келмоқда.

“Reuters” агентлиги сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш