Logo

Мисрда воситачи давлатлар раҳбарлари Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги декларациясини имзоладилар

Октябрь 14, 2025. 11:22 • 2 дақ

314
Мисрда воситачи давлатлар раҳбарлари Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги декларациясини имзоладилар

ШАРМ АШ-ШАЙХ, 14 октябрь /"Дунё" АА/. АҚШ, Миср, Қатар ва Туркия етакчилари Шарм-аш-Шайхдаги саммитда Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги декларациясини имзоладилар, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири "CNN" телеканали маълумотига таяниб.

Олий даражадаги тадбирда 30 га яқин давлат раҳбарлари, шунингдек, сентябрь ойида Ғазо секторидаги ўтиш даври маъмуриятига раҳбарлик қилиш истагини билдирган Буюк Британия собиқ бош вазири Тони Блэйр билан бирга БМТ ва Араб лигаси бош котиблари иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки, саммитда низолашаётган томонлар – Хамас ва Исроил вакиллари иштирок этмаган. Президент Дональд Трамп Бош вазир Бенямин Нетаняхуни Мисрга таклиф қилди, бироқ у Симхат Таврот байрами бошланганини айтиб, рад жавобини берди.

Саммитдан сўнг воситачи давлатлар Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш декларациясини имзолади. "Биргаликда биз имконсиз деб ўйлаган нарсага эришдик. Ниҳоят Яқин Шарққа тинчлик ўрнатилди", – деди АҚШ раҳбари саммитдаги нутқида.

Миср Президенти Абдулфаттоҳ Ас-Сисий  келишувни тарихдаги оғриқли саҳифани ёпувчи ва тинчликнинг янги даврини бошлаб берувчи деб атади. Унинг қўшимча қилишича, фаластинликлар эркинлик ва Исроил билан тинчлик, хавфсизлик ва ўзаро тушунишда ёнма-ён бўлган мустақил давлатда яшаш ҳуқуқига эга.

Давлат раҳбари яқин орада секторни тинч йўл билан тиклаш бўйича конференция ўтказилиши ҳам маълум қилди. "Яқин кунларда Миср АҚШ билан ҳамкорларимиз билан келишилган ҳолда Ғазо секторини қайта қуриш учун пойдевор қўйиш устида иш олиб боради", деди у.

"CNN" телеканалининг маълумотига кўра, "Биз бағрикенглик, қадр-қиммат ва ҳар бир инсон учун тенг имкониятларга интиламиз, бу минтақа ирқи, дини ва миллатидан қатъий назар, барча ўз интилишларини тинчлик, хавфсизлик ва фаровонликда рўёбга чиқариши мумкин бўлган заминга айланиши учун ҳаракат қиламиз", – дейилган декларацияда.

Мисрда имзоланган ҳужжат бир кун аввал амалда амалга оширилган Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги ўт очишни тўхтатишнинг биринчи босқичини расмийлаштиради. Асирлар алмашинуви ва Исроил қўшинларининг Ғазодан қисман олиб чиқилишига йўл очди. Исроил ҳам гуманитар юк блокадасини олиб ташлади ва ойлар давомида кутган юк машиналарининг секторга киришига рухсат берди.


"Reuters" агентлиги олган сурат

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш