Logo

Малайзияда "Имом Бухорий илмий меросини ўрганишда замонавий ёндашувлар" мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди

Октябрь 23, 2024. 11:15 • 2 дақ

174
Малайзияда "Имом Бухорий илмий меросини ўрганишда замонавий ёндашувлар" мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди

КУАЛА-ЛУМПУР, 23 октябрь. /"Дунё" АА/. Малайзиянинг Ислом маданияти институтида "Имом Бухорий илмий меросини ўрганишда замонавий ёндашувлар" мавзусида халқаро конференция ўтказилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Анжуманда Малайзия Миллий университети, ислом маданияти институти, халқаро ислом университети, Заҳра фонди, халқ таълими вазирлиги, Қуръон ва суннатни ўрганиш илмий-тадқиқот маркази, ислом илмлари университети, Утар университети, Ўзбекистон элчихонаси раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ва тадқиқотчилар иштирок этди.

Анжуманинг очилиш маросимида Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев сўзга чиқиб, жорий йил май ойида Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳимнинг мамлакатимизга ташрифи икки давлат ўртасидаги алоқаларни янги босқичи олиб чиққани, ташриф давомида юртимизнинг қадимий ва бой тарихидан таъсирлангани, Имом Бухорий, Имом Термизий, Беруний, Хоразмий каби алломаларнинг жаҳон илм-фани ривожига қўшган ҳиссасини алоҳида эътироф этганини таъкидлади.

Малайзия Миллий университети ректори Муҳаммад Абдурраззоқ Имом Бухорий илмий меросининг тарихда илм-фан ривожидаги аҳамияти ҳамда бугунги ижтимоий ҳаётдаги ўрни беқиёс эканини қайд этди. Шунингдек, Малайзия Миллий университети Ўзбекистондаги исломшунослик йўналишидаги илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорликдан манфаатдор эканини билдирилди.

Конференция давомида  "Мовароуннаҳр муҳаддис олимларининг ислом маданияти ривожига қўшган ҳиссаси" ва "Глобаллашув шароитида ҳадисларнинг ўрни ва роли, замонавий ёндашувлар: Ўзбекистон ва Малайзия мисолида" мавзусида шўъба йиғилишлари ташкил этилди.

Малайзиялик профессор-ўқитувчилар ва илмий тадқиқотчилар Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан алломаларнинг дунё цивилизациясидаги ўрнини алоҳида таъкидладилар.

Конференция давомида Имом Бухорий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари томонидан нашр этилган китоблар тақдимоти ҳам ўтказилди.

Тадбир якунида Малайзия ислом маданияти институти ва Ҳадис илми мактаби ўртасида англашув меморандуми имзоланди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш