Норвегия қироли Ҳаральд V вафот этди

Август 28, 2026. 15:00 • 2 дақ

118
Норвегия қироли Ҳаральд V вафот этди

ОСЛО, 28 август. /“Дунё” АА/. Норвегия қироли Ҳаральд V кам учрайдиган қон касаллиги туфайли Осло шаҳридаги Миллий шифохонада 89 ёшида вафот этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Норвегия ҳукумати баёнотига таяниб.

Ҳаралд V 35 йил давомида тахтни бошқарди ва қироллик оиласини модернизация қилиш ҳамда унинг янада очиқ бўлишига ҳисса қўшган машҳур монарх сифатида ёдда қолди. Шунингдек, у XIV асрдан бери Норвегия ҳудудида туғилган биринчи қирол бўлди.

У 1937 йил 21 февралда туғилган. 1957 йилда валиаҳд шаҳзодага айланди, 1991 йил январь ойида эса отаси Олав V вафотидан сўнг тахтга ўтирди.

Қирол ўзининг халққа яқинлиги ва спортдаги ютуқлари билан танилган эди. У елканли спорт бўйича Олимпия ўйинларида уч марта Норвегия шарафини ҳимоя қилган.

1968 йилда Ҳаральд тадбиркорнинг қизи Соня Ҳаральдсенга уйланди. Бу никоҳ қироллик анъаналаридан чекиниш бўлиб, кейинчалик Норвегия монархиясининг замонавийроқ ва очиқ қиёфасини шакллантиришга хизмат қилди.

Сўнгги йилларда қиролнинг саломатлиги ёмонлашиб, 2024 йил апрель ойидан бошлаб оммавий тадбирлардаги иштирокини сезиларли даражада камайтирган эди. 2026 йил 17 августда Ҳаралд шифохонага ётқизилди, шундан сўнг унинг ўғли Хокон вақтинчалик регент вазифасини бажарди.

Ҳаральд V вафотидан кейин Норвегия тахти унинг ягона ўғли Хоконга ўтади. Марҳум қиролнинг ортидан рафиқаси қиролича Соня, қизи Марта Луиза, ўғли Хокон ва олти нафар набираси қолди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ва Норвегия ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йил 10 июнда ўрнатилган. Ўтган йилнинг 15 май куни Ўзбекистоннинг Норвегиядаги элчиси (қароргоҳи Стокголм шаҳрида) Раҳматулла Нуримбетов қирол Ҳаральд Vга ишонч ёрлиқларини топширганди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш