Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик Покистон ОАВ диққат марказида

Сентябрь 10, 2026. 14:30 • 2 дақ

57
Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик Покистон ОАВ диққат марказида

ИСЛОМОБОД, 10 сентябрь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “Urdu Report” нашрида “Ўзбекистон ва Жанубий Корея: инвестициявий шерикликдан технологик кооперация сари” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада Ўзбекистон – Корея Республикаси муносабатлари ривожланишнинг янги босқичига қадам қўяётгани таъкидланган. Муаллифга кўра, илгари уларнинг асосини савдо, инвестициялар ва ускуналар етказиб бериш ташкил этган бўлса, бугунги кунда асосий эътибор саноат ва технологик кооперацияни чуқурлаштиришга қаратилмоқда.

Жанубий Корея хомашё манбаларини диверсификация қилиш ва таъминот барқарорлигини оширишга интилмоқда. Ўзбекистон, ўз навбатида, ресурсларни чуқур қайта ишлаш, илғор технологияларни ўзлаштириш ҳамда мамлакатда яратиладиган қўшилган қийматни оширишдан манфаатдор.

“Инвестициявий ҳамкорлик кўлами ҳам сезиларли даражада кенгайди. Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилинган Жанубий Корея инвестицияларининг умумий ҳажми 10 миллиард доллардан ошган бўлиб, шундан қарийб 8 миллиард доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳиссасига тўғри келади. Йиллар давомида шаклланган инвестициявий база қатор йирик лойиҳаларда амалий ифодасини топди. Уларнинг энг муҳими қарийб 4 миллиард долларлик “Uz-Kor Gas Chemical” қўшма корхонаси бўлиб, у икки томонлама муносабатлар тарихидаги энг йирик инвестиция лойиҳасидир”, — дея қайд этилган мақолада.

Шунингдек ўқинг

Автомобилсозлик саноати ҳам ҳамкорликда муҳим ўрин тутади. “ADM Jizzakh” заводи “Kia Corporation” билан шерикликда кичик узелли йиғиш усули асосида кенг турдаги автомобилларни ишлаб чиқармоқда. “UzAuto Components” тармоғига кирувчи корхоналарда “UzAuto Motors” автомобиллари учун кондиционер тизимлари, ўриндиқлар, штампланган деталлар ва пластмасса қисмлар каби бутловчи буюмлар ишлаб чиқарилмоқда.

Нашрнинг ёзишича, Сеул шаҳрида Жанубий Корея ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг биринчи саммитини ўтказиш режалаштирилган. Мазкур формат Ўзбекистон учун янги имкониятлар очади. Йирик ички бозор, салмоқли демографик салоҳият, бой ресурс базаси ва ривожланаётган саноат мамлакатнинг муҳим устунликларидир.

“Ишлаб чиқариш занжирларини изчил ривожлантириш, технологияларни маҳаллийлаштириш ва кадрлар тайёрлаш Ўзбекистон–Жанубий Корея ҳамкорлигини Марказий Осиёда инвестициявий шерикликдан саноат ва технологик кооперацияга ўтишнинг ёрқин намуналаридан бирига айлантириши мумкин”, — деб ёзган муаллиф ўз хулосасида.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш