Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги янги ном олади
Август 21, 2026. 17:30 • 2 дақ
• 130
EРЕВАН, 21 август. /“Дунё” АА/. Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги Ташқи ишлар ва халқаро савдо вазирлиги деб қайта номланади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Yerevan Today” порталига таяниб.
Бу ҳақда Бош вазир Никол Пашинян ҳукумат йиғилишида маълум қилди. У номнинг ўзгариши халқаро иқтисодий муносабатларга эътиборни кучайтириш заруратини акс эттиришини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, сўнгги ўн йилликда идора ишининг катта қисми зиддиятли кун тартибига қаратилган эди.
“Ташқи ишлар вазирлиги фаолиятининг 75–80 фоизи, муболаға қилмасам, можаро ёки зиддиятли кун тартибидан келиб чиқадиган ҳаракатлар ва фаолият билан боғлиқ бўлган”, – деди ҳукумат раҳбари.
Идоранинг янги номи ҳукуматнинг иқтисодий ва минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш режаларига мувофиқ кўриб чиқилмоқда.
Ҳукуматнинг 2026–2031 йилларга мўлжалланган дастурига кўра, Арманистон Озарбайжон ва Туркия билан муносабатларни барқарорлаштиришни давом эттириш ниятида. Ереван Боку билан чегарани делимитация қилишни якунлаш, тинчлик шартномасини имзолаш ҳамда икки мамлакат ишбилармон ва жамоатчилик доиралари ўртасидаги алоқаларни кенгайтиришни режалаштирмоқда.
Туркия билан муносабатларда ҳукумат дипломатик алоқалар ўрнатиш ва қуруқликдаги чегарани, жумладан, камида иккита замонавий ўтказиш пункти ташкил этиш орқали очиш ниятида эканини билдирмоқда. Шунингдек, транспорт, энергетика ва рақамли инфратузилмани ривожлантириш ҳам кўзда тутилган.
Дастурга кўра, Арманистоннинг ташқи сиёсати “мувозанатли ва мувозанатловчи” сиёсатга асосланади. Озарбайжон, Туркия, Грузия ва Эрон билан муносабатлар асосий устувор йўналишлар қаторида санаб ўтилган.
“РИА Новости” сурати
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси