Покистонда автобус жарликка тушиб кетиши оқибатида камида 40 киши ҳалок бўлди

Июль 03, 2026. 17:30 • 2 дақ

161
Покистонда автобус жарликка тушиб кетиши оқибатида камида 40 киши ҳалок бўлди

ИСЛОМОБОД, 3 июль. /“Дунё” АА/. Покистоннинг Белужистон вилоятида йўловчи автобуси жарликка тушиб кетиши натижасида камида 40 киши, жумладан аёллар ва болалар ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” мухбири “Geo News” телеканалига таяниб.

Полиция маълумотига кўра, ҳодиса Жоб округи Данаcар ҳудудида тормоз тизимининг эҳтимолий ишдан чиқиши оқибатида содир бўлган. Ушбу ҳодисада жароҳат олган саккиз киши округ шифохонасига етказилган.

Белужистон бош вазирининг ОАВ масалалари бўйича ёрдамчиси Шаҳид Ринднинг маълум қилишича, автобус Кветтадан Исломободга йўл олган бўлиб, ҳодиса вақтида унда 48 йўловчи бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, транспорт воситасига ортиқча юк ортилган – унга аввал бузилиб қолган бошқа автобус йўловчилари ҳам ўтириб олган.

Белужистон ва қўшни Хайбер-Пахтунхва вилояти ҳокимияти вакиллари қутқарув операциясини биргаликда олиб бормоқда. Ишларга Табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш бошқармаси (PDMA), тиббий хизматлар, Чегара корпуси бўлинмалари ва бошқа тегишли идоралар жалб этилган.

Белужистон ҳукумати ҳодиса сабабларини текшириш бўйича топшириқ берди. Транспорт вазирига барча ҳолатларни аниқлаш ва батафсил ҳисобот тақдим этиш вазифаси юклатилди. Шаҳид Ринднинг айтишича, текширув холис олиб борилади ва ҳар қандай масъулиятсизлик ҳолатларига тегишли баҳо берилади.

Покистон президенти Осиф Али Зардорий ҳалок бўлганлар оилаларига ҳамдардлик билдирди ҳамда жабрланганларга барча зарур тиббий ёрдам кўрсатилишини топширди.

Шу билан бирга, қўшни Афғонистонда яна бир фожиа содир бўлди: Покистондан қайтиб келаётган 22 афғон қочоғини олиб кетаётган юк машинаси Кабул–Жалолобод йўлида дарёга тушиб кетди. Ҳарбийлар маълумотига кўра, тўрт киши ҳалок бўлган, яна ўн киши бедарак йўқолган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш