Европадаги жазирама 4 мингдан ортиқ кишининг бевақт ўлимига сабаб бўлди

Июль 03, 2026. 19:30 • 2 дақ

167
Европадаги жазирама 4 мингдан ортиқ кишининг бевақт ўлимига сабаб бўлди

ПАРИЖ, 3 июль. /“Дунё” АА/. Франция, Бельгия, Испания ва Нидерландияда июнь ойида кузатилган жазирама тўлқини давомида 4 мингдан ортиқ киши бевақт вафот этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Euronews”га таяниб.

Расмийлар мазкур маълумотлар дастлабки ҳисоб-китоблар экани ва кейинчалик бу рақамлар янада ортиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Маълумотларга кўра, 20 июндан 28 июнгача давом этган аномал иссиқ Европа тарихидаги энг кучлилардан бири бўлган. Бу энергетика инфратузилмасининг узилишига, объектларнинг шикастланишига ва соғлиқни сақлаш тизимларига юкламанинг ошишига олиб келди. Олимларнинг фикрича, ушбу экстремал жазирамага шубҳасиз иқлим ўзгариши сабаб бўлган.

Франция соғлиқни сақлаш вазири Стефани Ристнинг қайд этишича, жазирама даврида 2 минг 25 та ортиқча ўлим кузатилган. Ўлимнинг энг катта ўсиши 45 ёшдан ошган одамлар орасида рўй берган. Шунингдек, вазирлик 22­–28 июнгача уйда вафот этганлар сони ўтган ҳафтага нисбатан 91 фоизга ошгани, қариялар уйлари ва тиббиёт муассасаларида ҳам ўлим ҳолатлари кўпайганини маълум қилди. Идора якуний кўрсаткичлар юқорироқ бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Бельгияда 18–29 июнь кунлари тахминан 1222 та барвақт ўлим ҳолати қайд этилган. Вафот этганларнинг 530 дан ортиғи 85 ёшдан ошган, яна 180 нафари 65 ёшгача бўлган. Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги жазирама пайтида бундай ўлим даражасини мисли кўрилмаган деб атади.

Нидерландияда расмийлар 480 га яқин эрта ўлим ҳақида хабар берди, уларнинг аксарияти 80 ёшдан ошган кишилар

Испания соғлиқни сақлаш институти иссиқ ҳаво билан боғлиқ камида 1 минг 28 та ўлим ҳақида маълумот берди, бу 2025 йил июнь ойидаги 407 та ҳолатдан икки баравар кўпдир.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш