АҚШ ва Эрон Ҳўрмуз бўғози атрофида зарбалар алмашди
Май 08, 2026. 14:56 • 2 дақ
• 54
ВАШИНГТОН–ТЕҲРОН, 8 май /“Дунё” АА/. АҚШ ва Эрон Ҳўрмуз бўғози ҳудудида кескинлик кучайиши фонида бир-бири билан ракета зарбалари алмашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “The New York Times” нашрига таяниб.
АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM)нинг маълум қилишича, Америка қўшинлари Ҳўрмуз бўғози орқали Ўмон кўрфази томон ҳаракатланаётган бошқариладиган ракеталар билан жиҳозланган америкалик эсминецлар ўтиши вақтида Эрон томонидан амалга оширилган “асоссиз ҳужумларни тўхтатган ва ўзини ҳимоя қилиш мақсадида қарши зарбалар берган”.
CENTCOM баёнотида айтилишича, учта АҚШ ҳарбий кемаси бўғоздан ўтаётган пайтда Эрон кучлари бир неча ракета ва дронларни учирган, шунингдек, кичик кемалар ёрдамида ҳам ҳужумлар амалга оширган. Маълумотларга кўра, денгиз флотининг савдо кемаларини кузатиб бориш бўйича операциясида иштирок этаётган Америка кемаларидан ҳеч бири зарар кўрмаган.
Ўз навбатида, Эрон давлат оммавий ахборот воситалари тарқатган баёнотда мамлакат қуролли кучлари АҚШ ҳарбийлари бир ойлик ўт очишни тўхтатиш келишувини бузиб, Эроннинг жанубий соҳилида жойлашган Кешм ороли ва яна икки шаҳарга “асоссиз” ҳаво зарбалари берганини маълум қилган.
Зарбалар алмашинувидан сўнг АҚШ президенти Дональд Трамп ўт очишни тўхтатиш режими ҳали ҳам амал қилаётганини айтиб, Эрон ҳужумларининг аҳамиятини камайтириб кўрсатган. “Улар бугун биз билан бироз “ўйнашди”. Биз эса уларни бутунлай йўқ қилдик”, – деган президент журналистларга. –
Оқ уй раҳбари шунингдек, Эрон АҚШ таклифини тезда қабул қилиши кераклигини таъкидлади. Ушбу таклиф Ҳўрмуз бўғозини очиш ва томонлар ҳар томонлама келишувга эришишга уриниш даврида 30 кунлик ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишни назарда тутади.
“Бу Дональд Трамп 28 февралда бошлаган урушдан чиқиш йўлини излаётган бир пайтда минтақада тез ривожланаётган воқеалардаги навбатдаги бурилиш бўлди. У юқори лавозимли амалдорларининг можаро ҳолати, АҚШнинг Ҳўрмуз бўғозини очиш бўйича саъй-ҳаракатлари ва Эрон билан тинчлик музокаралари жараёни ҳақидаги баёнотларига зид равишда ҳаракат қилди”, – деб ёзади нашр.
“Picture Alliance” сурати
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси