АҚШ матбуоти: Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Атлантада тайёргарлик кўради
Май 26, 2026. 17:10 • 2 дақ
• 22
ТОШКЕНТ, 26 май. /“Дунё” АА/. АҚШнинг “CBS News Atlanta” нашрида футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги FIFA Жаҳон чемпионати доирасида Атланта шаҳридаги замонавий спорт базасида тайёргарлик кўриши ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда таъкидланишича, Ўзбекистон миллий терма жамоаси турнир давомида расмий база сифатида “Atlanta United Training Center” мажмуасидан фойдаланади. Мазкур спорт инфратузилмаси АҚШдаги энг замонавий футбол марказларидан бири ҳисобланади.
Мақолада Ўзбекистон миллий жамоасининг 2026 йилги Жаҳон чемпионатидаги иштироки мамлакат спорти тарихидаги муҳим воқеа сифатида баҳоланган. Хусусан, Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида футбол бўйича Жаҳон чемпионатига чиққан илк мамлакат сифатида эътироф этилгани қайд этилган.
“CBS News Atlanta” маълумотига кўра, терма жамоа 10 июнь куни Атланта шаҳрига етиб келади ва гуруҳ босқичи ўйинлари олдидан тайёргарлик жараёнларини олиб боради. Шунингдек, Ўзбекистон жамоаси 27 июнь куни Атлантада Конго Демократик Республикасига қарши баҳс олиб боради.
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Атлантада жойлашиши шаҳарнинг Жаҳон чемпионати инфратузилмасини шакллантириш борасидаги халқаро мақомини янада мустаҳкамлаши таъкидланган. Атланта 2026 йилги мундиаль доирасида саккизта учрашувга, жумладан, ярим финал баҳсига мезбонлик қилади.
Мақолада қайд этилишича, Ўзбекистон миллий жамоаси фойдаланадиган машғулотлар базаси 33 акр ҳудудни эгаллаган бўлиб, у олтита тўлиқ ўлчамли футбол майдони, замонавий спорт заллари, рақамли медиа студиялар ва 100 дан ортиқ офис хоналарини ўз ичига олади. Мазкур мажмуага киритилган умумий инвестициялар ҳажми 90 миллион доллардан ошади.
Шу билан бирга, 2025 йил сентябрь ойида фойдаланишга топширилган қўшимча 25 миллион долларлик кенгайтириш ишлари Жаҳон чемпионати иштирокчиларининг юқори даражада тайёргарлик кўриши учун янада кенг имкониятлар яратгани таъкидланган.
Материалда Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи сифатида жаҳон футболида катта нуфузга эга, Жаҳон чемпиони ва “Олтин тўп” соҳиби Фабио Каннаваронинг иш фаолияти ҳақида ҳам маълумотлар келтирилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




