Сеулда Қурбон ҳайити муносабати билан хайрия тадбири ўтказилди
Май 26, 2026. 18:50 • 2 дақ
• 39СЕУЛ, 26 май /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Корея Республикасидаги элчихонаси томонидан Муқаддас Қурбон ҳайити муносабати билан Сеул шаҳридаги “Лаззат” ўзбек миллий таомлари ошхонасида хайрия тадбири ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур хайрия тадбири давлатимиз раҳбарининг “Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва меҳр-саховат тадбирларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилди.
Учрашувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси делегацияси, жумладан, Олмазор туманидаги “Мирзо Ғолиб” жоме масжиди имом-хатиби Бегматов Исахон Мамажонович, шунингдек, ўзбек диаспораси вакиллари ҳамда Корея Республикасида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ватандошлар иштирок этди.
Тадбирнинг асосий мақсади – хорижда яшаётган Ўзбекистон фуқароларини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, муқаддас айём кунларида ватандошлар ўртасида ўзаро ёрдам, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик анъаналарини мустаҳкамлашдан иборат бўлди.
Тадбир давомида ушбу мамлакатда истиқомат қилаётган ватандошларимиз эҳсон дастурхонига таклиф этилди. Шу билан бирга, 50 та эҳтиёжманд оиланинг ҳолидан хабар олиниб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.
Имом-хатиб И.Бегматов тадбир иштирокчиларига Қурбон ҳайитининг мазмун-моҳияти, ушбу муқаддас кунни халқимизнинг миллий анъана ва урф-одатларига уйғун тарзда, кўтаринки руҳда нишонлаш аҳамияти ҳақида сўз юритди. Шунингдек, у хайрия, меҳр-саховат, бирдамлик ва ватандошлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат-эътибор масалаларига алоҳида тўхталиб, хорижда миллий ва диний қадриятларни асраб-авайлаш муҳимлигини таъкидлади.
Тадбир иштирокчилари мазкур хайрия тадбирини ташкил этган Ўзбекистон раҳбариятига самимий миннатдорлик изҳор этиб, бу каби учрашувларнинг маънавий-ахлоқий муносабатларни мустаҳкамлаш, хориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлаш ҳамда гуманитар алоқаларни ривожлантиришдаги муҳим аҳамиятини алоҳида қайд этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

ЮНЕСКОда Ўзбекистоннинг ҳужжатли меросни асраш йўлидаги ташаббуси бир овоздан маъқулланди






