Logo

Тошкентда инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишда бизнес соҳасида дуч келинаётган муаммолар муҳокама қилинди

Декабрь 17, 2023. 11:43 • 2 дақ

397
Тошкентда инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишда бизнес соҳасида дуч келинаётган муаммолар муҳокама қилинди

ТОШКЕНТ, 17 декабрь. /«Дунё» АА/. Тошкент шаҳрида «Тадбиркорликда таъминот занжири бўйича инсон ҳуқуқларига риоя этилишини қўллаб-қувватлашдаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон миллий маркази, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси ҳамда ЕХҲТнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси билан биргаликда ташкил этилди.


Анжуманнинг очилишида Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон миллий маркази директори Акмал Саидов, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси вазифасини бажарувчи Зильке Клёвер, Германия элчиси Тило Клиннер ҳамда Олий Мажлис Сенатининг Халқаро алоқалар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Равшанбек Алимов сўзга чиқди.


Аввало ҳозирги даврда тадбиркорлик соҳаси таъминот занжирида инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишни таъминлашда давлат органлари вакиллари ва бизнес тузилмалари ўртасида тажриба алмашиш ва мулоқотни йўлга қўйиш масалалари нечоғлик долзарб эканлиги таъкидланди. Бунда бизнес тузилмалари ўз фаолиятининг турли босқичларида инсон ҳуқуқларига риоя қилишда дуч келаётган қийинчиликларни фаол аниқлаш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.


Акмал Саидов БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларининг 67-банди барча тадбиркорларни барқарор ривожланиш муаммоларини ҳал қилиш учун ўзларининг ижодий ва инновацион салоҳиятидан фойдаланишга чақиришини қайд этди. Шу маънода, Барқарор ривожланиш мақсадлари 2022 йилдан бошлаб юртимизда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ва "Ўзбекистон–2030" стратегияси доирасида кенг қамровли ислоҳотлар билан бевосита уйғунликда амалга оширилмоқда.


Сабаби ушбу халқаро ҳужжат билан ҳар икки дастуриламал миллий стратегиядаги мақсад ва вазифалар бир-бирига тўлиқ мос келади. Хусусан, "Ўзбекистон–2030" стратегиясида: барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўриш олиш, аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил этиш, аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш, халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлат барпо этиш, мамлакатнинг суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш каби асосий ғоялар акс этгани буни яққол тасдиқлайди.


Давра суҳбати доирасида тадбир иштирокчиларига инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишда бизнес соҳасида дуч келинаётган муаммоларни муҳокама қилиш ҳамда янада адолатли, барқарор ва ахлоқий бизнес дунёсини қуриш учун амалий ечимларни ўрганиш имкониятлари яратилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш