Германияда Ўзбекистоннинг транспорт-логистика имкониятларига эътибор қаратилди

Ноябрь 14, 2026. 13:00 • 2 дақ

• 37
Германияда Ўзбекистоннинг транспорт-логистика имкониятларига эътибор қаратилди

ФРАНКФУРТ-МАЙН, 12 ноябрь. /“Дунё” АА/. Германиянинг “Ro‘dl GmbH” компанияси сайтида Ўзбекистоннинг транспорт-логистика соҳасида хорижий инвесторлар учун яратаётган имкониятларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада Ўзбекистон Марказий Осиёнинг муҳим транспорт-логистика марказларидан бири сифатида ўз мавқеини мустаҳкамлаб бораётгани, соҳани ривожлантириш ва хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритилган.

Хусусан, 2030 йилга қадар транспорт-логистика марказларининг йиллик қувватини 40 миллион тоннага, транспорт-логистика хизматлари экспортини 3,5 миллиард долларга, транзит юк ташиш ҳажмини эса 18,5 миллион тоннага етказиш белгилангани қайд этилган.

Материалда хорижий инвесторлар учун яратилган солиқ ва божхона имтиёзларига алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, белгиланган талабларга жавоб берадиган транспорт-логистика марказлари 2040 йилга қадар ер ва мол-мулк солиғидан озод этилади. 2029 йил 1 августга қадар мамлакатда ишлаб чиқарилмайдиган айрим ускуна ва техника воситаларини олиб киришда божхона имтиёзлари берилади.

Шунингдек ўқинг

Шу билан бирга, Андижон, Бухоро, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида янги логистика марказлари, халқаро қуруқ портлар ва божхона терминалларини барпо этиш, мавжуд темир йўл инфратузилмасини модернизация қилиш режалаштирилган.

Мазкур лойиҳаларни молиялаштириш учун 2027 йилда камида 200 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредит маблағларини жалб этиш кўзда тутилган.

Қайд этилишича, ушбу ислоҳотлар Германия компаниялари учун ҳам транспорт-логистика, омбор хўжалиги, махсус ускуналар ишлаб чиқариш ва рақамли технологиялар соҳаларида ҳамкорлик қилиш учун янги имкониятлар яратади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш