АҚШ: Россия ва Украина тинчлик музокараларининг навбатдаги босқичига Европа вакилларини ҳам жалб этишга келишиб олди
Ноябрь 13, 2026. 19:30 • 2 дақ
• 48
ВАШИНГТОН, 13 ноябрь. /“Дунё” АА/. АҚШ президентининг махсус элчиси Жаред Кушнер Россия ва Украина президентлари билан уч кунлик дипломатик мулоқотлар якунига кўра, томонлар музокараларнинг навбатдаги раундига Европа томонини ҳам қўшиш орқали унинг доирасини кенгайтиришга келишиб олганини маълум қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Эслатиб ўтамиз, 10–11 ноябрь кунлари Москва ва Киев вакиллари АҚШ воситачилигида Абу-Дабида музокаралар ўтказганди. 12 ноябрь куни Жаред Кушнер ва махсус элчи Стив Уиткофф бошчилигидаги АҚШ делегацияси Москвада Россия Президенти Владимир Путин билан учрашди, сўнгра Дублинда Украина Президенти Владимир Зеленский билан ҳам музокаралар олиб борди.
“Европаликлар навбатдаги учрашувга қўшилади, буни биз жуда муҳим босқич деб биламиз”, – деди Стив Уиткофф Кремлдаги учрашувдан сўнг Россия ОАВга.
АҚШ вакилларининг билдиришича, томонлар ўзаро позицияларни тушуниш ва низони ҳал этишнинг эҳтимолий йўлларини белгилашда силжишга эришган. Шунингдек, улар минглаб одамлар ўз уйларига қайтишига имкон берадиган кенг кўламли ҳарбий асирлар алмашинувига тайёргарлик кўрилаётганини ҳам маълум қилди.
Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Кая Каллас бўлғуси музокараларда Европа томони номидан Европа кенгаши раиси Антониу Кошта, Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ва Калласнинг шахсан ўзи қатнашиши кераклигини таъкидлади.
Шу билан бирга, Европа Иттифоқининг ўзида Европа мамлакатларининг иштирок этиш формати бўйича баҳслар давом этмоқда. Германия канцлери Фридрих Мерц Германия, Франция ва Буюк Британия етакчилигидаги ҳамда айрим ҳолларда уларга Италия ва Польша ҳам қўшиладиган E3 форматини сақлаб қолиш тарафдори бўлмоқда.
Бу бўйича Дублинда ўтган Европа сиёсий ҳамжамияти саммитида 40 та Европа давлати вакиллари Европа хавфсизлигининг асосий тамойилларини акс эттирувчи “хартия” бўйича келишувга эришди. Бунда Франция ташаббус кўрсатди.
Ҳужжатда гибрид таҳдидлар, терроризм, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш чоралари белгилаб қўйилган. Иштирокчилар қитъа хавфсизлигига дахлдор қарорларни қабул қилишда Европа давлатларининг позициясини инобатга олиш шартлигини таъкидлади.
“Reuters” агентлиги сурати
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси