Logo

«Uzbekistan Airways» Германиянинг Мюнхен шаҳрига мунтазам ҳаво қатновларини йўлга қўйди

Октябрь 30, 2023. 09:47 • 49 сония

243
«Uzbekistan Airways» Германиянинг Мюнхен шаҳрига мунтазам ҳаво қатновларини йўлга қўйди

ФРАНКФУРТ-МАЙН, 30 октябрь. /«Дунё» АА/. «Uzbekistan Airways» авиакомпанияси 29 октябрь кунидан бошлаб Тошкент–Мюнхен–Тошкент йўналишида тўғридан-тўғри ҳаво қатновларини йўлга қўйди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Йўналиш бўйича парвозлар ҳафтасига икки марта - жума ва якшанба кунлари амалга оширилади.


Ўзбекистон ва Германиянинг йирик шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларнинг йўлга қўйилиши икки мамлакат мулоқотини барча соҳаларда янада фаоллаштириш ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш имконини бериши таъкидланди. Хусусан, мамлакатларимиз ўртасида мунтазам авиақатновлар очилиши натижасида туризм, маданий-гуманитар алмашинув ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик каби муҳим йўналишларда яқин алоқалар ўрнатилади.


Расмий очилиш маросими доирасида Ўзбекистон бош консули Олимжон Абдуллаев ва Мюнхен аэропорти вице-президенти Ульрих Теис ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Авиакомпания йўловчиларига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва тегишли шарт-шароитлар яратиш бўйича келишувга эришилди.


Эслатиб ўтамиз, 1993 йилдан буён Тошкентдан Франкфурт-Майн йўналиши бўйича  ҳаво қатновлари душанба, пайшанба ва шанба кунлари мунтазам равишда амалга ошириб келинмоқда. Бу мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий ва сайёҳлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш