Бангладешда 35 йил давом этган рақобатсиз сайловлардан сўнг янги президент сайланди
Август 21, 2026. 11:31 • 2 дақ
• 233
ДАККА, 21 август. /“Дунё” АА/. Бангладешда янги президент сайланди – ҳукмрон Бангладеш миллатчилик партияси (БМП) номзоди Мирза Фахрул Ислом Аламгир ушбу мамлакатда сўнгги 35 йил ичида илк бор ўтказилган рақобатли президентлик сайловида ғалаба қозонди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Синьхуа” маълумотига таяниб.
Мирза Фахрул Ислом Аламгир парламент депутатларининг 255 та овозини қўлга киритган. Унинг рақиби “Жамоати Ислом” етакчилигидаги коалиция томонидан илгари сурилган Либерал-демократик партия раиси Оли Аҳмад эса 88 та овоз олган. Овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 349 нафар депутатнинг 343 тасининг овози ҳақиқий деб топилган.
Бангладеш президенти парламент томонидан сайланади. Мамлакат қонунчилик органида бугунги кунда БМП мутлақ кўпчилик ўринга эга. Олдинги Президент Муҳаммад Шаҳобиддин 2023 йилда рақибларсиз сайланган ва кейинчалик истеъфога чиққан эди.
Мамлакат президентининг ваколатлари, асосан, вакиллик хусусиятига эга, у аксарият ҳолларда бош вазир тавсиясига кўра ҳаракат қилади. Янги президентнинг инаугурация маросими бугун бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Бангладеш ўртасида дипломатик алоқалар 1992 йил 15 октябрь куни ўрнатилган. Бангладешда Ўзбекистон манфаатларини қароргоҳи Деҳлида (Ҳиндистон) жойлашган элчи Сардор Рустамбоев ҳимоя қилади.
“Al Jazeera” телеканали сурати
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси